Азиз тумандошлар!
Коронавирус пандемияси дунёнинг кўплаб давлатларида нафақат аҳоли саломатлиги, шу билан бирга, ижтимоий барқарорликка ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, айни кунларда халқимиз учун синовли кунлар кечмоқда. Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Фақат давлат идоралари, тиббиёт ходимларининг ўзигина хавфли вирусга қарши кураша олмайди. Касалликка чалинганлар қанчалик даволанмасин, юқтириб олувчилар кўпаяверса, ҳолат ёмонлашаверади. ОАВ орқали эшитяпмиз, айрим давлатларда вазият назоратдан чиқиб кетяпти, вирус етиб бормаган кўча ва мавзелар қолмади ҳисоб. Ҳар биримиз хулоса чиқаришимиз керакки, давлат билан халқ бирлашиб ҳаракат қиладиган, бир-биримизга яқиндан ёрдам берадиган ҳақиқий синов даври бошланди.Афсуски, айрим юртдошларимизнинг эътиборсизлиги ортидан мамлакатимизда ҳам коронавирус юқтириб олганлар сони ортиб бораяпти. Аксарият вирус юқтирганлар бир оила аъзолари ёки уларнинг яқинлари бўлиб чиқяпти. Шундан ҳам тушунишимиз керакки, вирус тарқалишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бизнинг оддий эҳтиётсизлигимиз оиламизни, яқинларимизни хавф остида қолдириши мумкин. Шунинг учун вирусдан сақланиш қоидаларига амал қилишимиз, лозим бўлса, атрофимиздагилардан ҳам шуни талаб қилишни бошлашимиз зарур. “Ўзимни асрасам, бўлди”, деган фикрдан воз кечиб, “бир-биримизни асраб-авайлайлик”, деган мақсадга ўтишимиз шарт.