Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Яратган парвардигор бандаларига беҳисоб неъматлар берган, уларнинг ҳаққини адо қилишлигимиз биз бандаларга лозим бўлади. Шундай экан, Аллоҳ таоло ўз бандаларига молу-дунё берса ўша неъматларнинг ҳам ҳаққи бўлади. Бугун бутун дунёга тарқалган бу иллат сабабли ҳамма уйида, худди шунингдек юртдошларимиз ҳам, улар ҳам Аллоҳ таолонинг берган жон неъматининг ҳаққини адо қилиб турибдилар. Дарҳақиқат, қўлларидаги мол дунёлари бўлган инсонларнинг ҳам зиммаларида маълум ҳақлар бор.Улар фарз ва нафл ҳақлардир. Бугун фарз ва нафл ҳақларни адо қилиш билан биргаликда, хайру саҳоват қилгувчиларнинг топаётган нарсалари нима? Улар ўзлари учун яхшилик қилмоқдалар ва Парвардигорнинг ҳузурида улар учун ўзлари эҳсон қилган нарсадан ҳам гўзалроқ нарсага эга бўлмоқдалар: Бу борада Муззаммил сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмлидир”. (20-оят)
Бугун халқимизнинг бошига келиб турган бу синовли кунларда кўпчилик саҳоватпеша инсонларимиз, ҳақли ўринларга закотлар бермоқдалар, айримлари эса, ихтиёрий садақаларни қилиб, ўз саҳоватларини кўрсатмоқдалар. Бу амаллар Яратган роббимизга қанчалар маҳбуб эканлиги ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан бизга маълум.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар.
Демак бугун ҳар-бир мусулмон ўзида бўлишлигини истаган энг яхши нарсаларни ўз қўшниларига ва бошқа яқинларига ҳам исташлиги ёки улашишлиги ҳам керак бўлади. Эшитган инсоннинг этини жимирлатадиган вокеа иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳам халқимиз бирлашиб, қийинчилик дамларида қандай гўзал сабр қилганлар. Сабр қилишлик билан биргаликда, етимларнинг ҳам бошини силашликка ҳам куч топганлар. Бугун ҳам гўзал намуна кўрсатиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб турган ана шундай саҳоватпеша инсонлар борки уларнинг ҳимматларини эвазига Яратганнинг Ўзи улкан мукофотлар берсин!
Юртбошимиз халқимизга қилган мурожаатларида, бу машаққатли кунларни ҳаммаларимиз бир бўлиб енгиб ўтамиз деб, бот-бот такрорлаб халқимизни бирлашишга чақирмоқдалар. Бу чақириққа лаббай деб жавоб бераётган вилоят ва туман ҳокимликлари ҳам ўзларининг эҳсонларини барча ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларга етказмоқдалар. Вилоят ҳокимимизнинг ташаббуслари билан бизнинг туманимизда фаолият олиб бораётган 15 нафар имом хатиб ва имом ноибларига туман ҳокимининг раҳбарлигида 09 апрел куни озиқ-овқат махсулотлари тарқатилди. Бу каби қилинган хайрли ишлар туманимиз имомларини хурсанд қилди. Яратган Роббимиз бу каби гўзал ишларнинг мукофотини ҳам гўзал қилсин. Аллоҳ таолога тинимсиз истиғфорлар айтиб, бу балолардан барча юртдошларимизни ва бутун дунё халқларини тезда халос қилишини сўраб қоламиз.
Зеро, Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ дардни ва давони туширган. Ва ҳар бир дардга даво қилиб қўйган. Бас, даволанинглар. Фақат ҳаром ила даволанманглар»,дедилар». (Имом Абу Довуд ривояти)
Аллоҳ таоло Ўзи берган короновирусдек дардга шифосини ҳам юбориб, бутун дунё аҳлини ва юртдошларимизни ҳам Ўзи асрасин!
Бекзод НАРҚУЛОВ
Чироқчи туман бош имом-хатиби.