Чироқчи тумани ҳокими Хуррам Жураев ва сектор раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ тумандаги фермер хўжаликлари ғўза далаларидаги аҳвол билан танишимоқдалар.
Сектор раҳбарлари, қишлоқ хўжалигининг етакчи мутахассислари ва ер билан тиллаша оладиган фермерлардан иборат ишчи гуруҳ тумандаги ҳар бир фермер хўжалиги даласида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган агротехник тадбирлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Фермер хўжалиги ер майдонидан самарасиз фойлаланаётган фермерларга сўнги огоҳлантиришлар берилмоқда. Сув йўли ариқ ва зовурларни тозаламаган, маҳаллий ўғитлар заҳираси яратилишига етарли эътибор қаратмаган, ғалла парваришида агротехник тадбирларни кечиктираётган, шунингдек ғўза парваришида қилиниши долзарб бўлган ишларни бажаришда сусткашликка йўл қўяётган фермерларга сўнги имконият берилди.
Хусусан, Халқ депутатлари туман кенгашининг VI чақириқ бешинчи сессиясида сўнги огоҳлантиришга қарамай юқоридаги камчиликларга эътибор бермаган "Дурсун илғори" фермер хўжалиги раиси Алишер Пардаевнинг фермер хўжалиги ер майдонидан самарасиз фойдаланаётганлиги сессия ишида кўриб чиқилди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари бир овоздан фермер хўжалиги ер майдонини ер билан тиллаша оладиган ҳақиқий миришкор деҳқонларга бериш таклифини маъқуллашди.
Юртимиз саховатли, осмони мусаффо, замини серқуёш, тупроғи унумдор: фидойи тер тўккандан саховатини аямайди. Ҳар йили мўл-кўл пахта, ғалла ва бошқа тур экинлар ҳосили етиштираётганлар бунинг далилидир.