Юртбошимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббусига кўра, старт олган “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати лойиҳаси жойларда тадбиркорлар томонидан ҳайрихоҳлик билан кутиб олинди. Лойиҳа доирасида тадбиркорлар ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда коронавирус пандемияси даврида иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга уч ой давомида ёрдам қилиш вазифасини зиммасига олмоқдалар. Бунда ҳар бир оилага бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш кўзда тутилган бўлиб, маҳсулотлар миқдори оилада яшовчи кишилар сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Чироқчида "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатининг озиқ-овқат махсулотлари тўпламини фуқароларга етказишда туман ҳокимининг ўзи жонбозлик кўрсатмоқда. Туман раҳбари Хуррам Жураев бугун туманнинг Чироқчи ва Чоштепа маҳаллаларида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар хонадонларига озиқ-овқат махсулотларини олиб борди.
- Ҳозирда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида карантин шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига хайрия ва ҳомийлик ёрдамларини марказлашган ҳолда етказиб бериш тизими йўлга қўйилиб ўз фаолиятини бошлаган. Коронавирус туфайли давом этаётган карантин даврида ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар учун қийинчиликлар юз бермоқда. Албатта, халқимиз саховатли, бундай пайтда ҳеч кимни ёлғиз қолдирмайди, -дейди туман ҳокими Хуррам Жураев фуқаролар билан бўлган суҳбатда.
Туман раҳбари маҳалла бўйлаб фуқаролар хонадонига озиқ-овқат махсулотларини тарқатиш баробарида боқувчиси йўқ, кам таъминланган оилаларнинг мурожаатларига ҳам қулоқ тутди. Чоштепа маҳалласида яшовчи 4 та фарзанднинг онаси Гулсора Арипова бир неча йилдирки фарзандларига ҳам ота ҳам она бўлиб рўзғор тебратиб келмоқда. Туман ҳокими Х.Жураев билан бўлган суҳбатда Гулсора опа уй-жойини девор билан ўраш, қурилиши якунига етмаган уйини таъмирлашда ёрдам сўради. Фуқаронинг мурожаатини тинглаган туман раҳбари шу жойнинг ўзида муаммога ечим топди. Яқин кунларда Гулсора Арипованинг хонадонида усталар иш бошлайди. Фуқаронинг уй-жойи ҳовли девор билан ўралиб, қурилиши якунига етмаган уйи таъмирланадиган бўлди.
Умумхалқ ҳаракатида иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлар ушбу маҳсулотларни туман “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси штабига етказиб бермоқдалар. Шунингдек, айрим тадбиркорлар ва ташббускор ҳомийлар учун жамғарманинг махсус ҳисоб рақами ҳам очилган. Туманида “Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Таъкидлаш керакки ушбу ҳаракат доирасида ўз ҳиссасини қўшишни истовчи талабгор ташаббускорлар, корхона ва ташкилотлар кўпайиб бораётганлиги кишини хурсанд қилади.
Чироқчи тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Чироқчи тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати