Куни кеча ижтимоий тармоқларда бир ярим ой мобайнида короновирусга қарши курашган Чироқчи тумани санитария осойишталик маркази ходимларига 6 фоизлик қўшимча тўловлар пуллари берилмаётганлиги юзасидан танқидий мақола эълон қилинди.
Мазкур вазиятга Чироқчи туман адлия бўлими қуйидагиларни маълум қилишни лозим топди:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон фармонига кўра тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш белгиланган.
Қолаверса, 24.04.2020 йилдаги “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4695-сонли Президент қарорига мувофиқ коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик Агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа устамаларни олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.
Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги сабабли Чироқчи туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг 148 нафар ходими билан 2020 йил 16 март кунидан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Ўрганишда маълум бўлдики, Чироқчи туман Санитария-эпидемиологик осойишталик марказнинг жами 73 нафар ходими коронавирусга қарши кураш тадбирларига жалб қилинган бўлиб, ушбу ходимларнинг ойлик маошларига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўловлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланган. Ҳозирда ушбу маблағлар ажратилиши ва дастлабки ҳисоб-китоб қилинишининг якуний босқичи амалга оширилган бўлиб, қисқа фурсатда ходимлар билан кунлик қўшимча тўловлар юзасидан ҳисоб-китоб қилиниши маълум бўлди. Ушбу жараёнларда қонунбузилишига йўл қўйилганлик ҳолатлари аниқланмади.
Бундан ташқари, Чироқчи туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази билан 16.03.2020 йилда меҳнат шартномаси бекор қилинган 65 нафар фуқаро Вазирлар маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги 799-сон қарори билан тасдиқланган Низомга асосан 2020 йил 1 апрел санасидан бошлаб 3 ой муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинган ҳамда улар Чироқчи туман Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходими ҳисобланмайди. Шу боис ушбу фуқароларга юқорида қайд қилганимиз фармон ва қарорда назарда тутилган имтиёзлар тадбиқ қилинмайди.
Шў ўринда масаланинг асл моҳиятини тушунмай синовли кунларда хорижий ОАВларга мурожаат йўллаётган айрим фуқароларимизга мурожаат қилмоқчимиз: Сизнинг бундай мурожаатингиз иш жойингиз, қолаверса, ватанимиз обрўсига путур етказишдан бошқа ҳеч қандай наф келтирмайди. Мурожаатларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари ўз фаолиятларини давом эттирмоқда. Хусусан, Чироқчи туман адлия бўлими ваколатлари доирасидаги инсон ҳуқуқлари бузилишига оид қонунбузарликларни бартараф этишга доимо шай.
Ў. Жобборов
Чироқчи туман адлия бўлими бошлиғи.