Президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.
Ҳужжатга мувофиқ, қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш бўйича асосий йўналишлар этиб белгиланди:
Оила институтини мустаҳкамлашнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ижтимоий шерикликни кучайтириш;
Замонавий оилани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш;
Демографик ривожланишни рағбатлантириш ва оила фаровонлиги даражасини ошириш;
Оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини мустаҳкамлаш, жамиятда анъанавий оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш;
Оилаларга таъсирчан методик, консултатив ва амалий ёрдам кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш.
Қарор билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
«Оила» маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва кенг жамоатчиликнинг Халқаро оила кунини республиканинг барча ҳудудларида ҳар йили нишонлаш тўғрисидаги таклифи маъқулланди. «Оила» марказига республикада 2019 йилда ва кейинги йилларда Халқаро оила кунини нишонлаш тўғрисидаги ҳукумат фармойиши лойиҳасини киритиш топширилди.
Маълумот учун, Халқаро оила куни бутун дунёда ҳар йили 15 май куни нишонланади.