Ишонч телефони:

8 (375) 56-22-002

“Мустаҳкам сафлар – метиндек қалқон”

--- 19-июн, 19:369 251
“Мустаҳкам сафлар – метиндек қалқон”

Мамлакатимиз армияси нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида ҳам ўз нуфузига эга. Бу нуфуз ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги билан белгиланади. Жанговар қудрат эса, шубҳасиз, дала-ўқув майдонларида тобланади. Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳарбий округларида қўшин турларининг замонавий жанг амалиётларини жаҳон стандартида татбиқ этишлари учун ана шундай дала-ўқув майдонлари қайтадан бунёд этилаётир.

Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округнинг «Термиз» дала-ўқув майдонида ҳам 2019 йилнинг октябрь ойидан 2020 йилнинг май ойларига қадар Мудофаа вазирлиги ҳамда Сурхондарё вилояти ҳарбий-маъмурий сектори томонидан кенг кўламли бунёдкорлик ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Яқинда Сурхондарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисм ва «Термиз» округ дала-ўқув майдонининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, Қуролли Кучлар ва бир гуруҳ меҳнат фахрийлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоллари иштирок этдилар.
Очилиш маросими аввалида давлатимиз мадҳияси янгради.
Сўз олганлар мазкур полигонда яратилган инфратузилмаларнинг Жанубий оператив йўналишда хизмат бурчини адо этаётган Ватан ҳимоячиларининг жанговар, маънавий ва жисмоний тайёргарликларини янада оширишдаги аҳамияти хусусида тўхталди.
Мудофаа вазири Сурхондарё ҳарбий-маъмурий сектори раҳбари, вилоят ҳокими Т. Боболовни полигон реконструкциясига қўшган ҳиссаси учун муносиб тақдирлади.
Мазкур ҳарбий қисм ҳудуди 38 гектар майдонда жойлашган бўлиб, турли объектлар, боғ ва очиқ спорт майдонларидан иборат. Ҳарбий қисм иншоотларида тўлиқ капитал таъмирлаш ҳамда қурилиш ишлари амалга оширилди. Штаб, тиббиёт пункти ва ўқув биноси замонавий андазалар асосида таъмирланди. Ўқув биносида ҳарбий хизматчилар тактик, техник, отиш тайёргарликлари, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш фанларининг назарий асосларини пухта ўзлаштиришлари учун барча турдаги замонавий ўқув кўргазмалари мавжуд. Мазкур ҳарбий қисмнинг ёндош ҳудудида «Термиз» округ дала-ўқув полигони жойлашган бўлиб, унинг майдони 128 000 гектарни ташкил этади.
Янгидан қуриб битказилган ҳарбий қисм ошхонаси эса бир вақтнинг ўзида 1 000 нафар ҳарбий хизматчини ўз бағрига сиғдиради. 4 та ётоқхонада мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бир вақтнинг ўзида 1 300 нафар ҳарбий хизматчини жойлаштириш учун барча шароитлар муҳайё.
Замонавий тренажёрлар ва анжомлар билан жиҳозланган спорт залида бир вақтнинг ўзида 80 – 100 нафар ҳарбий хизматчи бокс, кураш, қўл жанги, тош кўтариш ҳамда жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши мумкин.
Иштирокчилар полигоннинг барча ўқув нуқталари билан танишаркан, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар имкониятларини бевосита кузатди.
Юқори савияда ташкил этилган мажмуавий дала-ўқув машғулотлари чоғида тадбир иштирокчилари ва меҳмонлар жанубий сарҳадларда турли мутахассисликларда хизмат қилаётган Ватанимиз ҳимоя­чиларининг жанговар ва тактик куч-қудрати қай даражада эканлиги ҳақида тасаввурга эга бўлишди. Тоғ тайёргарлиги мутахассислари, муҳандислар, разведкачилар, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш йўлак­ларидаги машғулотлар ҳам меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
Бугунги кунда миллий армиямизнинг куч-қудрати полигонларда, замонавий ҳарбий тренажёр майдонларида тобланиб, тобора юксалиб бораётир. Бу ўғлонларнинг қудратини кўриб, юртимиз ҳимояси ишонч­ли қўлларда эканлигига амин бўламиз.
 
Алибек ОМОНТУРДИЕВ
Ўхшаш янгиликлар

Янгиликларга обуна бўлинг

Бизнинг хабарномамизга обуна бўлиш учун қуйидаги электрон почта манзилингизни киритинг

Биз ижтимоий тармоқларда
Календарь
«    Май 2022    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031 
ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР