UZ RU
Menyu
» » Коррупция ижтимоий хавфли қилмиш

Коррупция ижтимоий хавфли қилмиш


ИНСОНИЯТ тарихида муомала-муносабатлар ҳақида гап кетганда кимдир учун зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган воқеалар бошқа кишининг дилини вайрон қилиши мумкин. Бироқ, икки тарафга ҳам алоқаси бўлмаган учинчи шахс, яъни кузатувчи учун асл ҳақиқат намоён бўлади. Бу ҳақда қанча гапиришга тўғри келсада, анашу учинчи шахс нигоҳининг тарихга муҳрлангани адолатдир.Бугун одамлар ўртасидаги муомала-муносабатларда учрайдиган энг қабих иллатлардан бири коррупция ҳақида сўз боради. Ер юзида жамият пайдо бўлганидан кейин коррупция, унинг энг кенг тарқалган тури бўлмиш порахўрлик вужудга келиб, умумэътироф этилган муносабатларни ич-ичдан емирадиган ижтимоий иллат сифатида юзага келди десак муболаға бўлмайди.
Зеро пора берган ўзининг қабих ниятига етиб, порахўр эса чўнтаги қаппайганини оламшумул ҳодиса деб эътироф этса, уларнинг ушбу ғаразгўй ва пасткаш қилмишлари жабрдийдаларининг диллари вайрон бўлади. Энг ачинарлиси, бу қилмишдан жабрлунвчидан ташқари бошқа шахслар ҳам зарар кўриши билан ҳам оғир оқибат ҳисобланади. 
Бунга тарихимизда кузатилган айрим ҳолатлар мисол тариқасида келтирилганда атоқли ёзувчи Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги Қўқон хонлиги амалдорлари ўртасида кенг тарқалган порахўрлик иллати маҳорат билан тасвирланган. Ёдингизда бўлса, Ҳомид Холиқбек қўрбоши ҳузурига бориб, халқни исёнга ундамоқда дея Отабек ва Мирзакарим қутидорга туҳмат қилади.
“Ҳомид учун энг кейинги чорадан бошқа илож йўқ эди — чўнтак кавлашга тутинди ва юз машаққат билан ёнчиғини чиқарди. Ёнчиқдан ўнга яқин олтинларни саноқсизча олиб, қўрбошига узатди:
— Тақсир... сизга атаған назримиз эди...
Ҳомид кавлана бошлағанданоқ қўрбошининг устидан совуқ сув сепилган эди. Ул олтинларни ёниға солиб жойлағач, товуш ҳам эски ҳолига қайтиб, сўзлар ҳам мулойим тортди.
— Демак, нозик жой эди дегин, Ҳомидбой”.
Ҳозирги пайтда порахўрлик муаммосига дунёдаги ҳеч бир давлатда буткул барҳам берилган эмас. Аммо ушбу иллатга қарши кураш олиб борилмаяпти, деган маънони билдирмайди. Ҳар бир давлатнинг қонунчилигида порахўрлик ижтимоий хавфли қилмиш сифатида қораланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ҳатто БМТ томонидан коррупцияга қарши курашга оид махсус конвенция ҳам қабул қилинган. Ўзбекистонда ҳам порахўрлик давлат ва жамиятни ичдан емирувчи, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончига путур етказувчи энг хавфли жиноятлардан бири ҳисобланади.
Маълумки, жамиятнинг ҳуқуқий тафаккури юксалгани сайин давлат қонунларини такомиллаштириб боришга эҳтиёж ортиб бораверади. Шу жиҳатдан олганда, 2014 йил 15 май куни матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Қонун миллий қонунчилигимиз ривожида муҳим ўрин тутади. Ушбу Қонун 29 моддадан иборат бўлиб, унинг ўнга яқин моддаси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш мақсадида Жиноят, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал кодекслари ва “Нотариат тўғрисида”ги Қонунга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Шундан Жиноят кодексига тўхталадиган бўлсак, унинг порахўрлик, хусусан, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жавобгарлик белгиланган 211- ва 212-моддаларига ўзгартиш киритилди. Яъни, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун белгиланган жазолар тури, миқдори ва муддатлари ўзгартирилиб, пора олиш учун белгиланган жазолар тури, миқдори ва муддатлари билан бир хилда белгиланди. Бошқача айтганда, порахўрлик жиноятлари учун бериладиган жазолар бирхиллаштирилди. Чунки пора олишга нисбатан пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш учун бериладиган жазоларнинг енгиллиги порахўрликка қарши кураш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган эди.
Бундан ташқари, Жиноят кодексида пора берувчи ва пора беришда воситачилик қилувчи шахслар бу ҳақда ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб жиноятни очишга фаол ёрдам берса, жавобгарликдан озод этилишига оид рағбатлантирувчи қоида белгиланган бўлиб, пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар бу ҳақда фақат ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилсагина жавобгарликдан озод қилиниши белгиланганини эслатиб ўтиш жоиз топилди.
Яъни, жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан хабар бериш муддати чекланган бўлиб, бу муддат ўтгандан кейин берилган хабар айбни енгиллаштирувчи ҳолат сифатида инобатга олинмайди. Бу эса пора берувчи ва пора олиш-беришда воситачилик қилувчи шахслар зиммасига жиноят ҳақида ўз вақтида хабар бериш мажбуриятини юклаб, порахўрликка қарши кураш самарадорлигининг оширишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар қандай жиноят давлат ва жамиятнинг барқарорлиги, тинчлиги, тараққиёти учун хавфлидир. Унга қарши ёшу-кекса маърифат билан курашсагина жиноятнинг илдизини қуритишга эриша оламиз.

Баходир Худойқулов,
Чироқчи тумани прокурори.
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив