Ишонч телефони:

+99 875 562 30 09

Тил – миллат кўзгуси

--- 13-июн, 12:569 1 428

Тил – муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.Тил – ҳаётнинг бошланиши. Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади. Инсон улғайган сайин атрофидагилар билан мулоқот қилиш, бадиий китоблар ўқиш орқали сўз бойлигини ошириб боради. Ота-боболаримиз тарихи, миллий ва маънавий қадриятларимиз бизга она тилимиз ёрдамида мерос бўлиб қолди. Халқлар тарихи – бу улар тилининг тарихи. Давлат ривожланиши билан давлат тили ҳам ривожланади. Халқ мустақиллигининг асосий белгиси – бу она тили ва миллий маданияти. Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.
Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим. Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади. 

Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш ва рақобатдош бўлиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари муҳим, албатта. Чунки биз глобал ривожланиш тенденцияларидан орқада қола олмаймиз, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан, ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт.   Ҳеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат – бу халққа ҳурмат. Ўз  она тилига эга бўлмаган халқ  мамлакат бўлолмайди. Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам миллий тил софлигига путур етади. Тил давлат тимсоли, мулки ҳисобланади. Бинобарин, ўзини ўзбек миллатининг фарзандиман, деб билган ҳар бир шахс она тилимизга эътиборли бўлиши, унинг софлигини асраб-авайлашни муқаддас бурчи деб билиши шарт.

Афсуски ҳали ҳам орамизда давлат тилига бўлган  эътиборсизлик ҳолатлари учраб турибди. Хусусан давлат ташкилотлари ва кўчаларимиз чиройига ўзгача чирой улашиб турувчи реклама банерларида ўзбек тилига амал қилинмасдан ёзилган эътибор тортувчи афишалар ҳамда уларда битилган сўзларнинг ҳато ёзилганлиги кишини ранжитади.  Фуқаролар серқатнов, энг гавжум давлат ташкилотларидан бирида давлатимиз номи  Ўзбекистон биз фаҳр билан тилга оладиган муқаддас сўз нотўғри ёзилган. Буни қайдай изоҳлаш мумкин билмайсан киши. Ташкилот раҳбарининг саводсизлигими ёки эътиборсизликми...? Биргина шу маълумотлар тахтасида йўл қўйилган ҳатолар нега шу вақтгача тўғирланмаган? Давлат ташкилотларида тилимизга бўлган ҳурмат шу даражада бўлса, тадбиркорлар томонидан дўконларининг пешонасига катта зарҳал ҳарфлар билан битилган тилимизга ёд сўзлар ва улардаги ҳатоларни гапирмасак ҳам бўлади. 

Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилинишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Дарҳақиқат, давлат тилининг мустаҳкам ҳуқуқий мақоми белгилаб қўйилгани тилимизнинг бой имкониятларидан кенг фойдаланишга етарлича замин яратиб, мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши баробарида ўзбек тилининг эркин муомалада бўлиши учун зарур шарт-шароитни яратиб берди. Дунёда таниқли мамлакат бўлиш учун биз давлат тилининг мақомини кўтаришга эришишимиз лозим.

Сўнгги йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир

Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақоми, жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтириш, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшиш ҳар биримиздан миллий тилга чуқур ҳурмат билан ёндашишни талаб этади. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаётдир.

Номозова Рисолат,
Чироқчи тумани ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, "Давлат тили тўғрисида"ги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.
Ўхшаш янгиликлар

Янгиликларга обуна бўлинг

Бизнинг хабарномамизга обуна бўлиш учун қуйидаги электрон почта манзилингизни киритинг

Биз ижтимоий тармоқларда
Календарь
«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР