Ишонч телефони:

+99 875 562 30 09

Нега коронавирусдан эмас, таъқиқдан қўрқамиз?

--- 09-апр, 17:299 876

Коронавирус пандемияси бугун бутун дунёни ўз исканжасига олди. Вируснинг тарқалишини олдини олиш борасида Президент ва ҳукуматдан тортиб, ҳар бир раҳбар, ҳар бир соҳа, тизим масъуллари, оддий ишчи, хизматчи ва ҳатто ҳар бир фуқаро ундан талаб қилинадиган вазифадан келиб чиқиб ҳаракат қилаётир.

Нега коронавирусдан эмас, таъқиқдан қўрқамиз?Уйда қолинг!

Хўш, бу борада, шу вазиятда адлия тизими вакилларининг вазифалари нималардан иборат ва тизимда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ана шу хусусида мухбиримиз Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сафарбой Тоғаев билан суҳбатлашди.


– Сафарбой Улашович, бугунги коронавирус пандемиясини тарқалишини олдини олиш мақсадида, мутахассислигингиздан келиб чиқиб, фуқароларимиз қандай ҳуқуқий тавсияларга риоя қилишлари лозим деб ҳисоблайсиз?


– Кўчага мақсадсиз, ниқобсиз чиқмаслик, жамоа тўпланадиган турли тадбир, маросимларни уюштирмаслик каби тавсиялар ҳеч шубҳасиз шифокорлар томонидан айтилиши шарт ва лозим. Чунки халқимизда, чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин, деган доно мақол бор. Ҳар бир ишни ўзининг мутахассиси қилгани маъқул. Энг асосийси эса мамлакатимизда айнан шундай бўлаяпти.


Менга адлия тизими вакили сифатида ҳуқуқий тавсиялар хусусидаги саволни қўйганингиз ҳам айни муддао, деб ўйлайман.


Ҳозир ҳамма ўз ҳолича, турли ижтимоий тармоқлар, telegram каналлар, fecbook, instagram ва бошқа интернет тармоқлари, электрон нашрлар ва блогерларнинг расман тасдиқланмаган ахборотларига ишониб қолишаётгани ачинарли. Афсуски, уларнинг баъзиларида турлича “бозорлар ёпилармиш”, “озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси тугармиш” ва бошқа куракда турмас ёлғон ахборотлар билан фуқароларимиз фикрини чалғитяпти. Энг ёмони кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, “пиар” бўлиш мақсадида расман тасдиқланмаган асоссиз, ёлғон хабарларни тарқатиш давом этмоқда. Ундан ҳам ёмони, кўпчилик ана шу ёлғон хабарларга ишониб, натижада ортиқча ваҳимага, васвасага тушиб, бозор, дўкон ва дорихоналардан керагидан ортиқ маҳсулотларни харид қилиш ҳоллари ҳам учраб турибди. Бундан фойдаланган баъзи “ишбилармонлар” нарх-навони сунъий равишда ошириб олмоқда. Буларнинг барчаси фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимлари етишмаслиги, расмий тасдиқланган хабар билан норасмий, тасдиқланмаган хабарларга ишониши натижасидир.


Яхшиям, мутасадди ташкилот ва идоралар ҳамда депутатлардан ташкил этилган ишчи гуруҳи жойларда мунтазам равишда нарх-навони назорат қилиши, маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркор, фермер ва саховатпеша инсонлар томонидан бозорлар, маҳаллалар ва ҳатто энг чекка қишлоқларда ҳам арзонлаштирилган нархлардаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари, хайр-эҳсонлар муттасил равишда ташкил этиб турилмоқда.


– Фуқароларимизнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида, бугунги карантин даврида адлия тизими вакилларининг олдига қандай вазифалар қўйилмоқда?


– Карантин даврида турли йиғин, семинар, суҳбат, учрашув ва умуман оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқланганлиги сабабли, аллақачон онлайн, яъни масофадан туриб ишлаш усулига ўтганмиз. Вилоят телерадиокомпаниясининг махсус кўрсатув ва эшиттиришлари, адлия бошқармасининг интернет тармоғидаги Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ижтимоий электрон тармоғимиз, telegram, fecbook, instagram каналларимиз орқали фуқароларга доимий равишда ҳуқуқий маслаҳатлар, саволларига мутахассисларнинг аниқ жавоблари, шу мавзудаги мақолалар мунтазам равишда бериб бориляпти. Онлайн мулоқот бошқармамизга қарашли барча туман ва шаҳар адлия бўлимларимизда ҳам кенг йўлга қўйилган.


Шунингдек, бозорлар, дўконлар ва дорихоналардаги нарх-навони сунъий ошиб кетишига йўл қўймаслик мақсадида тузилган ҳар бир туман ва шаҳарлардаги ишчи гуруҳларига ҳам вакилларимиз бириктирилган бўлиб, улар ҳам худди биздек дам олиш кунларисиз фаолият олиб бормоқда. Карантин даврида иш қамрови ҳам, масъулият ҳам ва ҳеч шубҳасиз огоҳлик ҳам тўрт ҳисса оширилди.


– Коронавирус касаллиги инсониятга нимаси билан хавфли деб ўйлайсиз?


– Аслини олганда, вируснинг ўзи у қадар қўрқинчли эмас. Тўғри, мен тиббиёт соҳасида мутахассис эмасман, аммо коронавируснинг оғирлик даражаси, ўлим эҳтимоллиги юзасидан бир қатор оддий, биз билган ва биз қўрқмайдиган касалликлардан кўп ҳам фарқ қилмайди. Аммо бутун дунёни мана шундай вазиятга келтириб қўйган омил — коронавируснинг осон юқувчи экани ҳамда касалликнинг дастлабки босқичларининг яширин ўтиши кўпроқ хавф туғдиради. Бу – ҳаётий тажриба, соҳадаги ўзимга яраша билим-савиям ва қолаверса, карантин даври жараёнларини кузатишдан ҳосил бўлган шахсий нуқтаи назарим.


– Мамлакатимизда ана шу “тождор вирус” туфайли мана салкам бир ойдан буён карантин жорий этилди. Ҳар қандай карантинда табиийки маълум ва белгиланган чекловлар бўлади. Адлия мутахассиси сифатида, демократик жамият қуриш йўлида қатъият билан бораётган давлатга бу чекловларнинг салбий таъсири борми?


– Ҳар қандай жамиятда карантиннинг талаблари деярли бир хил бўлади. Демократия юз фоиз таъминланган деб ҳисобловчи давлатларда чекловлар биздагидан 2 ва ёки 5 баробар қатъийроқ қўлланилмоқда. Карантинни ҳам демократияга йўйган АҚШ, Испания, Италия каби давлатларда эпидемия қай даражада ўсганига оммавий ахборот воситаларидан кўриб, билиб турибмиз.


Аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини чеклаш, имкон қадар уйдан чиқмасликларини таъминлаш, гўёки, уларнинг эркинлигини бўғишдек кўринса-да, бугунги кунда вирус билан курашишда энг самарали йўл сифатида баҳоланяпти. Мана энди, ўша юқорида биз санаб ўтган ва ўтмаган бир қатор демократик давлатларда ҳам бу усулга мурожаат қилишга мажбур бўлишмоқда.


– Бироқ, тўғрисини тан олишимиз лозим, ҳанузгача баъзи фуқароларимиз коронавирус пандемиясини тарқалишига қарши курашда карантиннинг ўрни нечоғлик муҳим эканлигини ҳис қилишмаяпти, тушуниб етишмаяпти, назаримда?


– Афсуски, сиз 100 фоиз ҳақсиз. Агар эътибор берган бўлсангиз, нафақат бизда, балки бутун дунёда ҳам коронавирус вакцинаси, уни даволовчи дорилар, жараёнлардан ҳам кўра, мулоқотни чеклаш, уйда ўтиришга бўлган чақириқлар кўпроқ — мамлакатлар асосий моддий ва тарғибот кучини айнан карантинни амалга оширишга қаратишмоқда. Бундан келиб чиқадики, вирус билан курашишда энг муҳим қурол ва восита бу – карантин, яъни, касалликнинг бошқа одамларга юқишини чеклаш ва камайтиришдан иборат экан.


Мисол учун, бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда вирусни юқтириб олганлар сони жорий йилнинг 8 апрель ҳолатига салкам 550 нафарни ташкил этиб, шулардан 30 нафари бу дарддан фориғ бўлди. Аммо 3 нафар фуқаромиз коронавирус туфайли вафот этди.


Агар муаммо фақат касалларни тузатиш бўлганда эди, бизнинг нима алоқамиз бор, десак.


Гап шундаки, карантинга олинганлар вирус юқтириб олиши мумкин бўлганларнинг ҳаммаси эмас. Юқорида айтганимиздек, вирус юқтириб олишнинг йўллари кўп ва бу йўлларнинг ҳаммасини назоратга олиш иложcиз. Чунки вируснинг инкубация даври 14 кунгача чўзилади. Касаллик аломатлари мана шу муддат ичида намоён бўлади.


Карантиннинг фойдаси шундаки, ундан “кимлар билан кўришдинг, қаерларга бординг?” деб сўнгги кунлардаги ҳаракатлари сўраб ўтирилмайди, чунки у уйда ўтирган. Фақат оила аъзоларига юқтирган бўлиши мумкин, уларни ҳам текшириб, керакли ишларни амалга ошириш осон. Яъни, бир инсондан вирус юқтириши мумкин бўлганлар – қўшни, меҳмонга келган қариндош, бозордаги сотувчи, корхонадаги ҳамкасб, таксичи, автобусдаги йўловчи, тўйхонадаги таниш, бемор ушлаган темирни ушлаган нотаниш, умуман назорат қилиб бўлмайдиган даражада кўп бўлган юзлаб инсонлар гуруҳи эмас, фақат оила аъзолари қолади, холос.


– Лекин ушбу жараён даврида ҳаммани уйга қамашнинг иложи йўқ. Кўпчиликнинг бемалол уйда ўтиришларини таъминлаш учун ҳам баъзи касб эгалари ишга чиқишига, ўзаро мулоқот қилишга мажбур, шундай эмасми?


– Тўғри, лекин имкон қадар кўпчиликнинг карантинга амал қилиши коронавирус юқтирадиганларнинг бир неча баробар камайтиришини англаш қийин эмас. Яна бир ёмон ҳолат, “Фалон кундан бошлаб, бир жойга тўпланиш таъқиқланади!”, дейилганда кейин, “Демак, шундан икки ёки бир кун олдин чиқиш, бориш, тўпланиш мумкин экан, хавф бўлмас экан”, деган маънони англатмайди. Яъни, 16 мартдан чеклов қўйилса, биз вирус айнан 16 март куни келаркан, 14 ёки 15 март куни хавф йўқ экан, деган ўта калта ўйланган фикрга келмаслигимиз лозим.


Ниқобсиз кўчага чиқамизу, карантин гуруҳидан ҳеч ким кўриб қолмасинда, ниқобсиз юриш тақиқланган, деб махсус гуруҳдан қўрқамиз. Пиёда борса бўладиган жойга махсус рухсатномасиз ўз шахсий автомобилимизда кўчага чиқамизу, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари кўриб қолмасин, рухсатномасиз автомобилда юриш тақиқланган, дея ички ишлар вакилидан қўрқамиз. 5-6 киши бўлиб, бирор бир ошнамизникига йиғилиб улфатчилик қилишга қиламизу, участкавой ёки маҳаллаком эшитиб қолмасинда, жамоа бўлиб ўтириш тақиқланган деб, маҳалла раиси ёки инспекторидан қўрқамиз. Ахир ана шу барча тақиқлар, аслида коронавируснинг тарқаб кетишидан чўчиб, сизу бизнинг, фарзандларимизнинг саломатлигини асраб қолиш учун жорий этилмадими? Нима учун вирусдан эмас, таъқиқдан қўрқишимиз керак?!.


– Минг афсуски, ушбу дард жаҳон деярли барча мамлакатларини қамраб олиб, кун сайин, соат сайин кўпайиб бормоқда...


– Жуда ҳам тўғри таъкидладингиз. Мана Жаҳон Соғлиқни сақлаш халқаро ташкилотининг сўнги маълумоти. Бугун, жорий йилнинг 9 апрель ҳолатига дунё бўйича 1,5 миллиондан ортиқроқ фуқаро короновирус дардига чалинган. Шулардан 310 мингдан ортиғи даволаниб, дардидан бутунлай фориғ бўлган. Бироқ, минг афсуски, дунё бўйича салкам 90 минг фуқаро коронавирус инфекциясини юқтириб олганлиги сабаб вафот этганлиги қайд этилмоқда.


АҚШ, Испания, Италия каби мамлакатларда аҳвол жуда ҳам ёмон. Короновирусга чалинган инсонлар сони соат сайин ошиб, ушбу дард туфайли ҳалок бўлаётлар сони ҳам ортиб бормоқда.


Афсуски, бу бало бизни мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Коронавирус пандемияси тарқаб кетишини олдини олиш мақсадида эълон қилинган карантинни, вазиятнинг ўта жиддий ва қалтис эканини ҳамма фуқароларимиз ҳам жиддий қабул қилмаётгани жуда ачинарли ҳол.


Ана шундай таҳликали кунларда фуқароларимизнинг энг муҳим ва асосий вазифаси уйда қолиш. Бу ишингиз билан сиз коронавирус инфекциясининг юртимизда, вилоят, шаҳар, туман, маҳалла, қишлоғингиз ва оилангизда тарқаб кетишини олдини олган, ўзингизни, фарзандларингизни ҳамда ота-онангизни коронавирус дардидан асраб қолган ва бу ишингиз билан кўринмас ёвга уйда ўтириб ҳам қақшатгич зарба берган бўласиз. Шунинг учун ҳар бирингиз ўз хонадонингизда бўлиб ҳам коронавирусга қарши курашиш мумкин эканини исботлашингизни айни вақти. Илтимос, уйда қолинг ва коронавирус пандемияси тарқалиши олдини олиш учун курашаётганлар сафига қўшилинг!

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликларга обуна бўлинг

Бизнинг хабарномамизга обуна бўлиш учун қуйидаги электрон почта манзилингизни киритинг

Биз ижтимоий тармоқларда
Календарь
«    Апрель 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930 
ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР