ЧИРОҚЧИДА "ОБОД ҚИШЛОҚ" ДАСТУРИ АМАЛДА
yangiliklar
24-сен, 20:199
530
Юртнинг ободлиги, халқнинг фаровонлиги маҳалла ва қишлоқлардан бошланади. — Миқёс ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда кенг кўламга эга бўлган “Обод қишлоқ” дастури туфайли туманимизнинг "Янгиқишлоқ" маҳалласида истиқомат қилаётган аҳоли ҳаётида мўъжизага тенг ўзгаришлар юз бермоқда.
Бугун туман ҳокими Нодир Эркаев "Янгиқишлоқ" маҳалласида олиб борилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Туман раҳбари мутасадди ташкилот вакиллари билан биргаликда аҳоли хонадонларига кириб, ободонлаштириш нафаси кезиб юрган қишлоқда аҳолининг кайфияти билан қизиқди. Ўз навбатида туман ҳокими аҳоли вакиллари билан бўлган суҳбатида ҳовли-жойларни тартибга келтириш, дарахтларга ишлов бериш, ҳовли-деворларни сувоқ қилиш, бўяш сингари ободонлаштириш ишларини олиб бориш тўғрисда ўзининг тавсияларни берди.
Шунингдек, туман раҳбари Нодир Эркаев дастур доирасида маҳаллада аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Маълумот учун, ушбу ишлар якунига етказилгач, маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти сезиларли даражада яхшиланади.
Одамларнинг ҳаётдан мамнунлиги, шаҳарлардагидек қулайлик ва имкониятларга эга бўлган замонавий масканларда яшаётганидан шодонлик ҳисси замирида бир ҳақиқат — қишлоқларни обод қилиш йўлидаги ислоҳотлар ётибди. Ана шундай ҳудудлардан бири — туманининг "Янгиқишлоқ" маҳалласи бўлади.
Бу ерда ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун янгича қиёфа касб этаётган бу жойлар кишида гўё эндигина пайдо бўлгандек тасаввур уйғотади. Аммо бу ўша — янгиқишлоқликларнинг қадимий ва қадрдон қишлоғи. Фақат энди у замонавий кўринишда, барча қулайлик, шарт-шароитларга эга масканга айланаётир.