Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаси деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.
Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли.
Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.(61-модда. Ота-онанинг аризаси бўйича боланинг насл-насабини белгилаш)
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.
Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.(62-модда. Оталикнинг суд тартибида белгиланиши)
Туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.
Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир. Агар шу вақтга келиб, боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс вояга етмаган бўлса, бир йиллик муддат мазкур шахс ўн саккиз ёшга тўлган вақтдан бошлаб ҳисобланади.(63-модда. Оталик (оналик) тўғрисида эътироз билдириш)
Ўзаро никоҳда бўлган ота ва онадан бирининг аризасига кўра туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида улар боланинг ота-онаси деб ёзилади.
Агар ота-она ўзаро никоҳда бўлмасалар, боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса, боланинг отаси ва онасининг биргаликдаги аризаси бўйича ёхуд суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёзилади. Она вафот этган ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилган ёхуд оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганда, шунингдек онанинг қаерда эканлигини аниқлаш мумкин бўлмаганда ота тўғрисидаги ёзув отанинг аризасига кўра васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги билан ёзилади.
Никоҳда бўлмаган онадан бола туғилганда ота-онанинг биргаликдаги аризаси ва оталикни белгилаш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори бўлмаса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида отанинг фамилияси онанинг фамилияси бўйича, отага тегишли исм, отасининг исми ва миллати — она кўрсатмаси бўйича ёзилади.
Агар ота-онанинг иккаласи ҳам номаълум бўлса, ота ва она ҳақидаги ёзувлар васийлик ва ҳомийлик органи кўрсатмасига асосан ёзилади.
Никоҳда бўлган ва сунъий ҳомила ҳосил қилиш ёки эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган шахсларда шу усулларни қўллаши натижасида бола туғилса, туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига улар шу боланинг ота-онаси деб ёзилади.
Ўзаро никоҳда бўлган ва бошқа аёлга ҳомилани ривожлантириш мақсадида эмбрионни кўчиришга ёзма розилик берган шахслар болани туққан аёлнинг (қондош онанинг) розилиги билангина боланинг ота-онаси деб ёзилиши мумкин. (207-модда. Туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига боланинг ота-онасини ёзиш)
Ота-онанинг аризаси, суднинг ҳал қилув қарори, отанинг аризасига асосан (она вафот этганда, унинг турар жойини аниқлашнинг имконияти бўлмаганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда) туғилиш далолатномаси ёзилган жойда туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарига ота тўғрисидаги маълумотларни киритиш йўли билан оталик белгиланади. (209-модда. Туғилиш қайд этилганидан кейин оталик белгиланиши муносабати билан ўзгартишлар киритиш)
✍️Раъно Пардаева, Чироқчи туман 2-сон ФҲДЁбўлими мудири.