Туман давлат солиқ инспекцяси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Бахтиёр Усмонов туманнинг Оқолтин ва Яшнаобод маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари билан учрашди. Мақсад маҳалла ёшларини қийнаб келаётган муаммолар билан яқиндан танишиб, уларга ечим топишдан иборат бўлди.
Тадбир, ибтидосида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, навқирон авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳамда Давлатимиз раҳбари илгари сурган Беш ташаббус хусусида сўз юритилди.Бандликни таъминлаш, тадбиркорлик учун кредит ажратиш, чекка қишлоқларда спорт иншоотларини қуриш ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан ёшлар мурожаатлари тингланди. Ҳар бир мурожаат учун масъуллар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
“Оқолтин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ёш тадбиркор Элбой Шерқузиев қишлоқ марказида қураётган икки қаватли ёшлар марказини ривожлантириш ва тикув машиналари олиш учун кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. У мазкур жойда тикув цехи билан бирга, келгусида кутубхона, ёшлар меҳнат гузари қуришни ўз олдига мақсад қилган.
– Мен бугунги учрашувда қатнашганимдан хурсандман, — дейди ёш тадбиркор Элбой Шерқузиев. – Туман 4-сектор раҳбари ва ишчи гуруҳи аъзолари амалга ошираётган ишларимни жойида келиб кўргач, мурожаатим юзасидан амалий ёрдам бериш учун тегишли ташкилот вакилларига топшириқ берди.
Туманнинг “Оқолтин” қишлоғида истиқомат қилувчи Озода Абдишукурова вақтинча ишсиз. Лекин қўлида гулдай ҳунари бор. Тикувчиликни яхши билади. У ўз устида янада кўпроқ ишлашни, ўқишни истайди. Учрашувда Озода Абдишукуровага қўшни Шаҳрисабз туманида фаолият кўрсатаётган ўқув марказида малака ошириши учун амалий ёрдам бериладиган бўлди. Шунингдек, учрашув давомида Фазилат Махматқулованинг хонадонида Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очиш бўйича йўллаган таклифини 4 сектор раҳбари қўллаб-қувватлашини билдирди.
Учрашувда шу каби мурожаатлар, таклиф ва ташаббуслар бўйича тегишли мутасаддилар зиммасига вазифалар юкланди.