ФОЙДА ҚИЛАМАН ДЕБ ЗАРАР КЎРГАН УДДАБУРОНЛАР
МИБ вилоят бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Гулноза ДИЛМУРОДОВА хабар беришича, Мажбурий ижро бюроси Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан аҳолининг энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиши ва талон-тарож қилинишига йўл қўймаслик, истеъмолчиларда электр ва табиий газ тармоқларидан қонуний фойдаланиш маданиятини шакллантириш мақсадида тунги рейдлар ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг 10 март куни ўтказилган ана шундай рейд давомида бир нечта ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.Хусусан, Чироқчи тумани Сойбўйи маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Э. ўз томорқасида кичик иссиқхона ташкил қилиб, кўз илғамас даражада яширин йўллар билан 0.4 ҳаво линияси орқали сим тортиб, иссиқхонасини иситишда фойдаланаётганлиги аниқланди.Шунингдек, тумандаги Барака маҳалласида яшовчи фуқаро А.Ж. ҳам яшаш хонига 0.4 ҳаво линиясидан сим тортиб, ҳисоблагичдан ташқари электр энергиясидан фойдаланиб келаётган эди.
Худди шу пайтда шу маҳалладаги Р.Ш. эса ҳисоблагич кўрсатгичларини қасддан ўзгартириб, у ҳам яшаш хонадонида ўзбошимчалик билан электр энергиясидан ноқонуний фойдаланаётганилиги аниқланди.
Истеъмолчиларга нисбатан қоидабузарлик далолатномалари расмийлаштирилиб, электр энергияси тармоғидан ажратилди. Эндиликда улар етказилган зарар билан бир қаторда жарималарни ҳам тўлашига тўғри келади.