Полковник Улуғбек Мусаев Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг пробация ва жазони ижро этиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий тизимларида раҳбарлик лавозимларига тайинловлар амалга оширилди.ИИВ матбуот хизмати хабарига кўра, Улуғбек Мусаев ушбу тайинловга қадар Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жазони ижро этиш бўлими 17-сон жазони ижро этиш колонияси бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган.
Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Лангар қишлоғида яшовчи 32 ёшли эркак Ю.А 22 январь куни яшаш уйидан туман ИИБ ходимлари томонидан олиб кетилгани, 23 январь куни эса ИИБдан унинг мурдаси чиққани ҳақида хабарлар тарқалганди.
27 январь куни вилоят прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБ ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми («Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаркатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
Мазкур воқеа юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ биносида ОАВ ходимлари учун ўтказилган брифингда Ўзбекистон ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов ИИБ биносида одам ўлими ҳолати янгилик эмаслигини таъкидлаб ўтди ва вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Самад Турдиев бу воқеадан кейин ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этганини билдирди.