Туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази қошидаги вирусология лабораториясида одатдаги кунлардан иш жараёни янада кучайган. Бу ерда меҳнат қилаётган ходимлар – бугунги кун қаҳрамонлари.
Коронавирус инфекцияси туманимизда қайд этилганидан сўнг уларнинг зиммасидаги масъулият янада ошди. Лабораторияда ишлаётган ходимларда карантин эълон қилинган кундан бери тиним, ҳаловат йўқ.
Коронавирусни аниқловчи тест синовлари олиниш жараёни билан танишиш мақсадида, туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказида бўлдик.
Марказга борганимизда, марказ лоборантлари туман Юқумли касалликлар шифохонасида ташкил этилган карантин назорат постига кетишаётган экан. Биз ҳам уларга шерик бўлдик. У ердаги ҳарбий қисм ходимларидан тест олиш жараёнида биз ҳам иштирок этдик. Махсус ажратилган жойда уч нафар СЭОМ ходими навбат билан келган ҳарбийларни қабул қилиб, таҳлил учун текшира бошлади.
Коронавирусга тест топшириш жараёни қуйидагича амалга оширилар экан: Уч ходимдан бири тест топширувчининг бурун ҳалқумидан суртма олади. Иккинчиси суртмани пробиркага солиб, махсус идишга жойлайди ва учинчи ходим тест топширувчи ҳақидаги шахсий маълумотларни ёзиб олади.
Тест топшириш жараёни икки-уч дақиқа давом этади.
«Бизнинг лоборантлар коронавирустга тест олгандан сўнг уни махсус идишларда совуқлик занжирига риоя қилган ҳолатда вилоят Вирусология лобораториясига юборишади. Хитойда ишлаб чиқарилган тест синамаларини тумандаги мавжуд эҳтиёжга қараб олиб келамиз. Сўнги икки кунда 1500га яқин кишидан намуналар олдик.
Бактериологлар ва вирусологлардан иборат бригадаларимиз сутканинг 24 соати давомида иш олиб боришяпти», – дейди туман санитария-эпидемилогик маркази раҳбари Ваҳоб Худаяров.
Унинг сўзларига кўра, Чироқчи туманида олинган тест намуналари Вилоят вирусология лобораториясига етказиб борилгандан сўнг тест жавоби 6 соат ичида маълум бўлади.
Бизга маълум қилишларича, ўзида коронавирус аломатларини сезган фуқаролар тест учун бепул намуна топширишлари мумкин.
Туман штабидан олинган маълумотга кўра, 17 июнъ соат 12:00 ҳолатига Чироқчи туманида коронавирус инфекцияси билан зарарланганлар сони 16 нафарни ташкил этмоқда. Улар туман ва вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.