Мамлакатимизда асрлар давомида қад кўтариб турган тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар, масжид ва мадрасалар, улуғ шайхлар мақбаралари қаторида Чироқчи туманидаги "Лангар ота мажмуаси" зиёратгоҳини келтиришимиз мумкин.
Бугун туман ҳокими Файзулла Юсупов бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда нуроний отахонлар "Лангар ота мажмуаси" ҳамда "Абул Ҳасан Ишқий масжиди" қадамжоларини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилиниб, юртимизда доим тинчлик ва хотиржамлик бўлиши сўралди. Сўйилган жонлиқ гўштлари кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга тарқатилди.
Туманнинг Қуруқсой маҳалласида истиқомат қилаётган Ҳамро бобо туман ҳокими қабулига келиб, Қуруқсой маҳалласида 12 минг йиллик тарихга эга қадимий Сийпантош ёдгорлиги мавжудлиги, бу орқали туманнинг туристик салоҳиятини ошириш мумкинлигини айтган эди.
Мана бугун туман ҳокими Файзулла Юсупов бошчилигида сектор раҳбарлари мозийдан садо бергувчи Қуруқсой қишлоғидаги қадимий чинор дарахти (манбаларда чинор дарахти Мирзо Улуғбек ташаббуси билан фалакиёт илми асослари асосида экилган) ҳамда Сийпантош ёдогорлигини бориб кўришди.
Тарихий манзилларда бўлган туман ҳокими Файзулла Юсупов туманнинг туристик салоҳиятини оширишда сайёҳлар эътиборини жалб этадиган сўлим Ҳисор тоғ тизмалари этагида жойлашган ушбу тарихий манзил-маконларда туризм лойиҳалари амалга ошириш кераклигини таъкидлади.
Қуруқсой қишлоғида бўлган туман ҳокими аҳоли мурожаатларини ҳам тинглади. Хусусан, мавсумий сел тошқинлари натижасида қишлоққа олиб келувчи ягона автомобиль йўлини кесиб ўтадиган сел оқимлари туфайли автотранспорт ҳаракатланиши чекланиши хусусида қишлоқ фуқароларини қилган мурожаатларини туман ҳокими Ф.Юсупов бошчилигида сектор раҳбарлари жойига чиқиб ўрганишди. Ўрганишлар давомида сел сув йўлларини тозалаш ҳамда автомобиль йўли остидан ўтган сел сув йўли қувурини алмаштириш белгиланди.