Президент Шавкат Мирзиёев 14 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилиш аввалида президент коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди:
— Кундалик матбуотдан хабарингиз бор, бутун дунёда, жумладан республикамизда ҳам касалликка чалинганлар сони тобора кўпайиб бораётгани барчамиздан, бутун халқимиздан ҳушёрлик ва огоҳликни кескин кучайтиришни, карантин билан боғлиқ жорий этилган барча тартиб-қоидаларга сўзсиз ва қатъий амал қилишни талаб этмоқда.
Албатта, барча амалга ошираётган саъй-ҳаракатларимиз ҳамда шифокорларимизнинг қаҳрамонона меҳнатлари эвазига бугунгача ушбу касалликка чалинган 100 нафар юртдошимиз тўлиқ тузалди.
Карантинга олинган 222 минг нафар кишидан 141 минг нафари ундан чиқарилди.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Ҳукумат комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришлари зарур.
Биринчидан, биз пандемия билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур.
Иккинчидан, мавжуд вазиятни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, бўлажак хавф-хатарларни, улар билан боғлиқ муаммоларни олдиндан прогноз қилишимиз ва уларнинг ечимига аниқ режа ва пухта чораларимиз билан тайёр туришимиз зарур.
Учинчидан, бу касалликни енгиш учун барча давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришимиз керак.
Хитой, Жанубий Корея, Россия, Исроил, Буюк Британия, Германия ва Япониянинг етакчи мутахассислари билан беморларни даволаш бўйича телемедицина орқали олиб бораётган мулоқотларимизни бошқа илғор давлатлар билан ҳам кенгайтиришимиз, уларнинг тавсияларини ўзимизда фаол жорий этишимиз шарт.
Бугун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси экспертлари билан ўтказилган видеоконференция ҳам, албатта, беморларимизни даволашда ўзининг ижобий натижасини беради, деб қатъий ишонаман.
Тўртинчидан, Республика комиссияси мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга, жойлардаги ҳокимлар, секторлар раҳбарларининг коронавирус тарқалиши олдини олиш ҳамда унинг иқтисодиёт ва инсонлар ҳаётига салбий таъсирини имкон қадар чеклаш учун масъулиятини янада ошириш чораларини кучайтириши керак.
Айниқса, ҳокимлар ва сектор раҳбарлари аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги учун шахсан жавоб беради.
Айни пайтда, кам таъминланган, эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу каби эзгу ташаббусларни кўпайтириш жойлардаги барча мутасадди раҳбарларнинг асосий вазифаларидан бири бўлмоғи лозим, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, давлат раҳбари марказий идоралар раҳбарларидан, бошқа мутасаддилардан улар бириктирилган ҳудудларда ҳар бир бемор аҳволи юзасидан ҳисобот олган, яратилган шароитлар ҳақида батафсил сўраб суриштирган.
Ундан ташқари, республика ихтисослаштирилган тиббиёт илмий марказлари раҳбарлари ўзлари масъул бўлган ҳудудлардаги ҳар бир бемор ҳолидан шахсан хабар олишлари, давлатимиз томонидан яна қандай шароит ва ёрдам кераклиги устида тинимсиз қайғуришлари зарурлиги таъкидлаб ўтилган. Ҳеч бир фуқаро қийинчилик билан юзма юз қолмаслиги яна бир бор алоҳида қайд этилган.