Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ-5997-сон “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон билан адлия органларига қўшимча ваколатлар белгиланган.
Фармон билан адлия органларига:
жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш;
барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;
фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;
қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;
маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;
давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;
халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш;
адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали «виртуал адлия» тизимини ишга тушириш каби қўшимча вазифа ва функциялар юклатилган.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига 2020 йил якунига қадар қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатгичлар белгилаб берилган.
Жумладан, вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш;
давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш;
2018-2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини;
электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини
12 фоизга етказиш;
аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш;
нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш;
29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга киритилишини таъминлаш.
Фармонга асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган деб белгиланди.
Шунингдек, Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига янги (қайта) ташкил қилинган вазирлик ва идоралар, шу жумладан улар таркибидаги алоҳида ташкилотларга (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали амалга оширилаётганлигини улар янги (қайта) ташкил қилинган кундан бошлаб камида 6 ой ўтгандан сўнг ўрганиш;
мазкур ўрганишларга тегишли масалага тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бошқа вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб қилишга ҳақли;
ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиш;
маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқиш ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар бериш;
вазирлик ва идоралар, шу жумладан улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолайди ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот, шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларига (индикаторларига) эришмаган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф киритади.
Фармонда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
8 августдаги ПФ-5505-сон Фармони билан ташкил қилинган Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Вазирликнинг 2020 йил 1 июлдан бошлаб:
хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солинишини тақиқлаш;
жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормаларнинг фақатгина қонунлар билан ўрнатилишини белгилаш;
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўймаслик;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўймаслик;
техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни Вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниши ва кучга кириш тартибини амалиётга жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берииши белгиланган.
Фармон билан 2020 йил 1 июлдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда концептуал жиҳатдан янги механизмларни яратишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи «пакет» принципи жорий қилиш:
жумладан, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқиш ва кучга киритиш;
янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга ошириш;
вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритиш;
Ўзбекистон республоимкаси Адлия вазирлигига идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади, бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим.
Фармон билан қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил
1 январгача идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тўхтатилганлиги (ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно);
идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилиши белгиланган.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига берилган қўшимча ваколат ва функциялар натижасида жамиятнинг ҳар бир бўғинида адлия органларининг ўрни ва роли ошиб бораётганлигидан, ушбу тизимга нисбатан ишонч билдирилаётганлигидан далолат беради. Зеро, адлия адолат ҳимоячиси деб бежизга айтишмаган.
А.Худайбердиев, бўлим катта маслаҳатчиси
Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи.