Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларида ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги хабарлар кўпайиб қолди. Нега? Бундан 20-30 йил аввал бундай ҳодисалар содир бўлмаганми?
Буни икки талқинда изоҳлаш мумкин: ё илгари бундай ҳодисалар ростдан ҳам кам бўлган ё бугунгидек тезкор ахборот технологиялари бўлмагани учун ўша даврларда бундай хабарлар оммалашмаган. Ҳар икки ҳолатда ҳам бу масалага асло лоқайдлик билан қараб бўлмайди. Зеро, инсоннинг ҳаётдан безиб, ўз жонига қасд қилиши битта бўлса ҳам катта ижтимоий фожиадир.
Тўғри, Чироқчи туманида ҳам суицид кўрсаткичи 2020 йилда 2019 йилга нисбатан камайган. Бироқ бундай кўнгилсиз ҳодисалар, айниқса, вояга етмаган ёшлар ўртасида тез-тез учрамоқда. Биз ушбу оғриқли масаланинг туб илдизлари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича эътибор қаратилиши лозим бўлган йўналишлар хусусида Чироқчи туман ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаган ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия масъул котиби Бердиёр Халилов фикрлари билан ўртоқлашди.
– Ўз жонига қасд қилиш азалдан ҳар қандай жамият ва тузумда юз бериб келаётган воқелик. Аммо илгари асосан катта ёшлилар орасида учрайдиган бу ҳолат, кейинги пайтларда тобора “ёшариб” бораётгани кишини ташвишга солади...
– Бу хусусда психолог, педагог, шифокор, социолог, суицидолог каби турли соҳаларнинг мутахассис ва экспертларигина тўлақонли изоҳлай оладиган бир неча омилларни санаб ўтиш мумкин. Менимча, ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари илдизини, аввало, оиладан қидириш керак. Бола гўдаклик чоғида руҳий жароҳат олса, вақт ўтиб у албатта ўзининг салбий таъсирини намоён этади. Руҳий жароҳат деганда нимани тушунишимиз мумкин? Масалан, ҳаддан ташқари қаттиқ овоз ёки шовқин. Бу нафақат оилада эр-хотиннинг баланд овозда жанжаллашиши, балки мунтазам равишда телевизор ёки радиони баланд овозда қўйиш, турли шовқинли дастгоҳларни ишлатишни ҳам шундай омиллар сирасига қўшиш мумкин. Бундай ташқи таъсирлар уч ёшгача бўлган боланинг онгости қатламларида ўзига ишончсизлик, қўрқув ҳиссиёти кўринишида сақланиб қолади. Бола жисмонан ва ақлан вояга ета бошлагач, шу “жароҳат” ўзини “эслата бошлайди”. Улғайганда тўсатдан турли касалликларга чалиниб қолишига чақалоқлигида бошига олган зарба сабаб бўлгани каби оила муҳитидаги нотинчлик энди таҳлил қила олиш қобилиятига эга ўсмирни муаммонинг ечими сифатида турли кескин хатти-ҳаракатларга, жумладан, ўз жонига қасд қилишга ҳам ундаши мумкин. Бу энг оддий омиллардан биргина мисол, холос. Юқорида айтганимиздек, инсонни аффект ҳолатига солиб қўядиган сабаблар жуда кўп ва улар асосан оилада шаклланади.
– Юқори синф ўқувчилари орасида ўз жонига қасд қилинган ҳолатлар бўйича ўрганишлар натижаси ўсмирнинг, масалан, ўзини осишига ҳеч қандай жиддий асос йўқлигини кўрсатади. Яъни ўша ўсмир ёки қиз ўзининг хулқ-атвори, ўқишдаги ютуқлари билан мактабнинг ибратли ўқувчиларидан, оиласи ҳам маҳалладаги намунали оилалардан бўлиб чиқади. Моддий жиҳатдан ҳеч қандай камчилик йўқ, на уй, на маҳалла ва на мактабда биров билан зиддиятга бормагани айтилади. Хуллас, ўз жонига қасд қилиш сири унинг ўзи билан кетиб, бу ёқда фақат тахминлар қолади.
– Яқинда мана шундай нохуш холат туманимизда содир бўлди. Ҳа, бу энг ташвишланарли ҳол ва бунинг сабабларини ҳам бир неча умумий ва хусусий омиллар билан изоҳлаш керак бўлади. Масалан, менимча суицид ҳақидаги маълумотлар оммавий ошкор этилиши, унинг сабаб ва оқибатлари муҳокама қилинишини ҳам шундай омиллар сирасига қўшиш мумкин. Бирор ўсмирнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хабар интернет тармоқлари орқали бир зумда бутун дунёга тарқатилмоқда. У ўзини қаерда, қандай осгани ёки заҳарлагани тафсилоти миш-мишлар асосида қўшиб-чатиб изоҳлаб берилмоқда. “Мактабда бўладиган тадбирга онаси пул бермагани учун...”, “Отаси компьютер ёки қўл телефони олиб бермагани сабабли...”, тенгдошларининг “У сенинг онанг эмас, онанг сизларни ташлаб бошқаси билан кетиб қолган”, деб кўпчилик орасида маломат қилингани учун каби кўплаб сабаб ва тахминлар “урчитилмоқда”.
Бунга асосан шов-шув кўтариш, ўқувчини кўпайтириш воситасида даромад топишни мақсад қилган ижтимоий тармоқлар, сайтларнинг “муносиб ҳисса қўшаётгани”ни асло инкор этиб бўлмайди. Мотив, тафсилот, “қўлланма” сифатидаги бундай маълумотларга эга, ақлдан кўра ҳиссиётга эрк беришга мойил айрим ёшлар мақсадига эришиш учун оқибати ўлим билан тугашини ҳисобга олмай ота-онасини бир “қўрқитиб” қўймоқчи бўлади. Оиладаги оғир муҳит, ота-онасининг ўзаро муносабати, оила аъзолари ёки атрофидагиларнинг ўзига нисбатан таҳқирловчи, жоҳилона, зулмкор муносабати замирида юзага келган тушкун вазиятдан чиқиб кетишнинг энг қулай ечимини ўз жонига қасд қилишда кўради.
– Бундай хатоларни тузатиш учун нималарга эътибор қаратиш керак, деб ҳисоблайсиз?
– Бизда педагог ва психологларга суицидология фанини ўқитиш тизими яхши йўлга қўйилмаган. Тўғри, бу фан психологларга қисман ўқитилади, лекин педагоглар ҳам маълум маънода психолог бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан, ривожланган давлатларда чуқур ўқитиладиган суицидология фанини бизнинг педагог ва психологлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларида ҳам қатъий ўқитиш, малака ошириш, қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак. Зеро, қўлимизда суицидга қарши курашиш учун қурол бўлиши лозим. Шунингдек, ота-оналар учун ҳам бу масалада қандайдир билим бериш йўлларини ўйлаб кўриш керак.
Бундан ташқари, бугун кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган ўзини осиш, заҳар ичиш каби очиқ саҳналар кўрсатилаётган телесериаллар, миллий менталитетимизга ёт турли реклама роликлари, клиплар каби оммавий тарғибот воситалари орқали тарқатилаётган маҳсулотларнинг мазмун-моҳияти, ғоявий-бадиий қиймати, уларнинг онгга таъсири даражасини аниқ билмай туриб оммалаштирмаслик чораларини кўриш керак. Ғарб давлатларида бундай масалалар билан илмий муассасалар, лабораториялар, марказлар шуғулланади.
Хулоса қилиб айтганда, суицид – ижтимоий касаллик, уни даволаш учун жамиятнинг ҳар бир аъзоси, оила, мактаб, маҳалла, таълим муассасаси, давлат ва жамоат ташкилотларининг уйғунликдаги фаолияти концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш лозим.
Чироқчи туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.