Аввал хабар қилганимиздек,Чироқчи туманига коронавирус яна кириб келди. Хавфли вируснинг тарқалишини олдини олиш юзасидан туманда бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Жорий йилнинг 8 июнидан – «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилган эди. Туман ҳокими Х.Жураев ва ИИО ФМБ бошлиғи А.Бешимқуловлар жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилар ҳаракати карантин вақтида вақтинча тўхтатилиши хусусида Мустақиллик кўчасида ҳайдовчиларга тушунчалар беришди.
Бугун, 9 июндан бошлаб Чироқчига кириш-чиқиш йўллари ёпилиб, туманда барча турдаги жамоат транспорти ҳаракати вақтинчалик чекланди.
Стационар постларда автотранспорт воситаларининг кириб-чиқиши маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона, ташкилотларда ишловчи ходимларнинг автотранспорт воситалари мажбурий равишда дезинфекция қилинади», – дейди туман ИИО ФМБ бошлиғи А.Бешимқулов.
Туманга кириш ва чиқишдаги чекловлар юк ташиш билан боғлиқ ҳолларга, доимий яшовчи (рўйхатдан ўтган) шахсларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, ҳуқуқ-тартибот идоралари, шифокор ва ҳамширалар, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
«Қизил» тоифага кирувчи ҳудудларда карантин чекловлари талабларини бажармаслик, шунингдек, «яшил» ва «сариқ» тоифага кирувчи ҳудудларда рухсат берилган фаолият турларини ўрнатилган махсус талабларга риоя этмаган ҳолда амалга ошириш тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.