Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсуповнинг туман аҳлига байрами табриги.
Ассалому алайкум азиз тумандошлар! Ҳурматли меҳмонлар!
Барчамизга маълумки, Наврўзи олам минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва эзгу умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўз байрам тадбирлари юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан сиз азизларни - нуроний отахон ва онахонларни, мунис ва меҳрибон опа-сингилларимизни, шижоатли ёшларни, бутун туманимиз аҳлини чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Қадрли дўстлар!
Айни дамларда сиз азизлар билан туманимизнинг “Ҳайиткул” кенгиликларида бутун ўзбек элимиз орзиқиб кутган яшариш ва янгиланиш айёми - Наврўзи олам кўтаринки кайфият ва ўзгача шукуҳ билан нишонланмоқда.
2024 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида нишонланиши, барчани кўнглини шодлантиргани айни ҳақиқатдир. Азалдан, Наврўз арафасида ҳар бир ҳудудда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш, ҳашар уюштириш анъанага айланган. Бу йил ҳам туманимизнинг ҳар бир маҳалласида бундай хайрли ишлар кўтаринки руҳда, бирдамлик билан ўтказилмоқда. Шу муносабат билан юртимизда жорий йилнинг 1 март санасидан бошланган ”Яшил белбоғ” умуммиллий тадбирида туманимиз аҳолиси фаол иштирок этмоқда. Ўзаро меҳр оқибат, саҳоват ва мурувват кўрсатиш, табаррук кексаларни йўқлаш, ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларимиз Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда. Байрам муносабати билан кекса авлод вакиллари, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган ҳамда кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга беғараз ёрдам кўрсатиляпти.
Бунёдкор тумандошларимиз томонидан жорий йилнинг шу ойига қадар барпо этилган 20дан ортиқ янги бино ва иншоотларни қутлуғ Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш ҳам яхши анъанага айланган. Бу йил Наврўз арафасида туманимизда ўнлаб ижтимоий ва инфратузилма объектлари, кўп қаватли турар жойлар фойдаланишга топширилди.
Бу каби кенг кўламли ислоҳотлар, туманимизда амалга оширилаётган барча саъй-ҳаракатлар ва ўзгаришлар ҳар кунимиз Наврўз бўлишига, яъни, юртимиз обод, халқимиз турмуши фаровон бўлишига қаратилганлиги айни ҳақиқатдир.Туманимизда амалга оширалаётган барча эзгу ишлар аввалом бор, шу азиз элимиз халқини рози қилиш, тумандошларимиш турмушини фаровон этишга қаратилган. Биз бу каби савобли ва амалий ишларни ҳар куни, ҳар соатда давом эттирган ҳолда, жорий йилнинг якунига қадар сиз азиз меҳнаткаш тумандошларимиз билан биргаликда улкун зафарларни кўлга киритишимизга, мени ишончим комил.
Азиз чироқчиликлар!
Барчамизга маълум, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Баҳорда кун ва тун узунлигининг тенглашуви – янги деҳқончилик мавсуми бошланишидан дарак беради. Бободеҳқонларимиз бу айёмда янги йилнинг қут-баракали келишини, тўкин-сочинлик бўлишини сўраб дуога қўл очган. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, дарёларимизда сув сероб, ҳосилимиз мўл, халқимизнинг ризқу-насибаси баракали бўлсин!
Илоҳим, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Баҳорий байрам Наврўзи олам - ҳар бир хонадонга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахт- саодат, файзу барака олиб келсин! Уйғониш ва яшариш байрами - барчамизга муборак бўлсин!