Ishonch telefoni:

+99 875 562 30 09

Чироқчи тумани ҳокими Нодир Худойбердиевич Эркаевнинг фермер деҳқонларга ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимлари ва туман аҳлига табриги

yangiliklar / murojaatlar 11-окт, 21:569 492

Азиз тумандошлар!
Ҳурматли деҳқон, фермерлар ва “Чироқчи кластер” МЧЖ вакиллари!


Аввало, Сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни жорий йил қишлоқ хўжалиги тизимида эришилган ютуқлар билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни билдираман.
Ушбу қутлуғ айёмда туманимизнинг барча фаоллари номидан ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – миришкор деҳқон ва фермерлар, чорвадору-пиллакорлар, сувчи-ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, қишлоқ хўжалиги локомативи бўлган кластер, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Соҳа эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган Сизлар каби минглаб меҳнаткашларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Ҳурматли президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда “Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир” десак, айни ҳақиқатдир.
Шу ўринда, алоҳида такидлаб ўтмоқчиман, жорий йилда пахтадан ўртача ҳосилдорлик 38 центнерни, ғаллачиликда 40 центнерни ташкил қилди. Пахта ҳосилини сифатли йиғиб-териб олишда туманимиз фуқароларининг заҳматли меҳнатини эътироф этиш жоиз.
Жорий мавсумда пахта теримига 10 миндан ошиқ ҳашарчилар иштирок этди. Айниқса, 20 нафар илғор теримчилар бир мавсумда ўртача 3-4 тонна пахта терганлигини алоҳида эътироф этган ҳолда, барча ҳашарчиларга алоҳида ўз миннаддорчилигимни билдирмоқчиман.
Бундан беш йил олдин, пахтачиликда ҳосилдорлик гектаридан бор йўғи 24 центнерни ёки ғаллачиликда 26 центнерни ташкил қилганлигини инобатга оладиган бўлсак, бу йилги эришилган ютуқларнинг нечоғли салмоқли эканлигини кўрамиз.
Ўйлайманки, бу ҳосилдорлик бу натижалар чегара эмас, келгуси йилда бунданда юқори натижаларга эришилишига ишонаман.
Албатта, юқоридаги ютуқларни гапирганда, ғалла ва пахтачиликда юқори натижаларга эришган 219 та фермер хўжаликларини, айниқса ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобига лалмикор ерлардан юқори ҳосилдорликка эришган 30 та фермер хўжаликлари фаолиятини мамнуният билан эътироф этамиз.
Шулар қаторида, чорвачилик, пиллачилик ва бошқа соҳаларни ҳам алоҳида эътироф этиб, бой билим ва тажрибаси, омилкорлик ҳислатларини намоён қилган ҳолда, илм-фан ютуқларини самарали қўллаш ҳисобидан юксак хирмон яратган барча деҳқон ва фермерларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.

Азиз дўстлар!

Барчангиз гувоҳ бўлиб турибсиз, бугунги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш, илғор ёндашувларни жорий этиш энг муҳим масалага айланмоқда.
Шунинг учун ҳам, Ҳурматли Президентимиз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳага илм ва иновацияларни кенг жорий қилиш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратмоқда. 
Жорий йилда ҳам туманимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги йўналиш ва лойиҳаларни ишга тушириш орқали аҳолини бандлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди. 
Бу йил такрорий экин учун ёшларга 1 минг 838 гектарга яқин, ишсиз фуқароларга 1 минг 442 гектарга яқин ерлар ажратиб берилиб, шунинг ҳисобига 6 минг 554 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Энг асосийси, ҳар бир фуқаронинг бир ойда олган даромади ўртача 3-4 млн. сўмни ташкил қилди.
Бундан ташқари, аҳоли хонадонларида узумчиликни ривожлантириш, интенсив усулда балиқ етиштириш ҳамда парранда боқиш ишларини ташкил этиш ҳисобига аҳолини бандлигини таъминлаш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.
Кейинги йилларда экологиянинг кескин ўзгариши, йилдан-йил ёғингарчиликнинг камайиши сув ресурсларининг қисқаришига олиб келмоқда. Бу эса, сувдан фойдаланишда сув тежамкор технологияларни жорий қилишга катта эътибор қаратишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда, туманимизда ҳам босқима-босқич сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилда 281 гектарда томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилди. Келгуси йилда эса 498 минг гектардан ошиқ майдонларда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинади.
Албатта, бугун ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.

Азиз дўстлар!

Дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда бизда ички бозоримизни тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун барча шароитлар мавжуд эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Туманимиз аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада тўкин қилишда фидойи қишлоқ хўжалиги ходимлари бундан кейин ҳам ўзларининг бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб қатъий ишонаман.

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар, туманимидазда фаолият юритаётган пахта ва ғалла кластери, азиз сувчи ва механизаторлар!

Сизларни яна бир бор қишлоқ хўжалиги соҳасида эришган улкан ютуқлар билан чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик тилайман.
O‘xshash yangiliklar

Yangiliklarga obuna bo‘ling

Bizning xabarnomamizga obuna bo‘lish uchun quyidagi elektron pochta manzilingizni kiriting

Biz ijtimoiy tarmoqlarda
Kalendar
«    Ноябрь 2024    »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 
INTERAKTIV XIZMATLAR