Ўқувчи-ёшлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, турли фалокатлардан асраш долзарб вазифа бўлиб турибди. Шу мақсадда туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари ҳам тизимли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Албатта, бу ҳақда ҳар йили кўп гапирамиз, ОАВ орқали маълумотлар бериб борамиз. Афсуски, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари ҳамон учраб турибди. 2019 йил мобайнида Чироқчи туманида болалар билан боғлиқ 12 йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Оқибатда 2 норасида ҳаётдан бевақт кўз юмди, 10 бола турли даражадаги тан жароҳати олди.Мунтазам равишда таълим муассасалари умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларида туман ИИО ФМБ ЙХҲБ ходимлари тарғибот дарсларини ўтиб келмоқда. Шунингдек, барча муассасаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари бириктирилган. Бу ходимлар болалар ўртасида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Асосий мақсад болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиб боришдир.
Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини келтириб чиқараётган яна бир ҳолат борки, ундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бу болани бутунлай қаровсиз, эътиборсиз қолдириш оқибатидир.
Мактабларда дарс соатлари ўз якунига етгач, ўқувчилар уйига боришади. Кимдир эса бошқа юмишлар ёки уйинқароқлик қилиб дўстлари билан кўча кезади. Назоратсиз ҳолда катта йўл, кўча бўйида ўз ҳолича ўйнаб юрган мактаб ўқувчиларини кўрамиз-у кўпинча эътиборсиз ўтиб кетамиз. Фалокат оёқ остида, деганларидек, турли нохуш йўл-транспорт ҳодисалари улар иштирокида содир бўлаётгани ачинарлидир.Бу каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида туман Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари аҳоли яшаш жойларида мунтазам назорат ўрнатган. Пировардида, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига эришилмоқда.
Мақсадимиз битта – фарзандларимизни асраб-авайлаб, соғлом тарбиялаб вояга етказиш. Шу маънода биз – катталар, қаерда бўлмайлик, атрофимиздаги болаларни хавфдан огоҳ этишимиз, уларни ҳимоя қилишимиз керак.
Фарход Янгибоев.
туман ИИО ФМБ ЙҲХБ бошлиғи капитан.