Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсуповнинг туман аҳлига МУРОЖААТИ
Ассалому алайкум қадрли тумандошлар!
Сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёда об-ҳавонинг ўзгариши, фасллар алмашиниш чоғида қуёшли, иссиқ кунлар сонининг кўпайиши ёхуд йилига 1 миллиметр ҳам ёмғир ёғмайдиган Сахройи Кабир, Атакама чўлларида қор ёғиши дунё миқёсида иқлимнинг кескин ўзгараётганидан далолатдир.
Бугун юртимизда Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ушбу муаммоларнинг олдини олиш, бугунги кунда яшил оламни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Хабарингиз бор, 2023 йилнинг 11октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятларини тўлиқ ишга солиш ҳамда "Яшил макон" кузги мавсумини самарали ташкил этиш юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилиш давомида Президентимиз раҳбарлигида юртимизда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг амалга оширилиши кўриб чиқилди. Унга кўра, республика бўйлаб 25 октябрдан 1 декабргача, “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди ва 85 миллион туп кўчат экилиши белгиланди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳа доирасида туманимизда ҳам аниқ режа ишлаб чиқилди. “Кузги дарахт экиш мавсуми” давомида 375 минг 500 туп мевали ва манзарали ниҳоллар, бута кўчатлари ўтқазиш мақсад қилинди.
Мавсум давомида, Қишлоқ хўжали бўлими ва фермер хўжаликларида 188 минг 500, маҳалла фуқаролар йиғинларида 70 минг, Мактабгача ва мактаб таълими туман бўлимига қарашли мактаб ва боғчалар ҳовлисида 40 минг, қишлоқ хўжалиги экин ерлари дала четларига 17 минг 500, корхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳа ҳудудларида 15 минг, ўрмон фонди ерларида 15 минг, автомобиль йўли ёқаларида 10 минг, туман Ободонлаштириш бошқармаси объектларида 6 минг, касб-ҳунар мактабларида 6 мингта, тиббиёт муассасаларида 5 минг, атроф-муҳитга таъсир хавфи бўйича I ва II тоифага кирувчи саноат корхоналари 2 минг, туман ҳокимлиги боғи ташкил этилиб, 500 туп ва бошқа корхона - ташкилотлар томонидан 375 минг 500 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш ишлари ташкил этилади.
Ёшлигимиздан биламизки, ота-оналаримиз ҳовлини, атрофни пок сақлаш кераклигини айтарди. Халқимиз азалдан тупроқни, сувни, табиатни муқаддас деб билган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Дарахт эккан одамга унинг савоби тегиб туради, дейилган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган.
Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам “Поклик иймондандур” дейилган.
Дарҳақиқат, тан олиб айтишимиз керакки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўчат экишдек, сув, атроф-муҳитни тоза сақлашдек, муҳим қадрятларимиз йўқолиб бормоқда. Шу боис шундай олийжаноб қадрятларимизни авлодлар онгига сингдириб боришимиз лозим, азиз, чироқчиликлар.
Ҳурматли тумандошлар!
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни сифатли ва тизимли амалга ошириш мақсадида қуйидаги вазифаларни ўз олдимизга мақсад қилиб олдик:
Биринчидан, ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, ҳоким ёрдамчилари, маҳалла раисларининг хотин-қизлар ва ёшлар бўйича ўринбосарлари ўзи яшаётган кўча, хонадонларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишади.
Иккинчидан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тумандаги ҳар бир маҳалла, корхона ва ташкилот ҳамда қишлоқ вранчлик пунктларида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича планшетлари ташкил этилди. Ушбу планшетларда мавжуд дарахтлар ҳамда экилиши режалаштирилган мевали ва манзарали кўчатларнинг сони, уларнинг турлари ва қаерга экилиши кўрсатилади.
Учинчидан, ҳар бир ташкилот, корхона, муассаса раҳбари ўзига тегишли ҳудудни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш учун алоҳида чора-тадбир белгилаб олади. Бунда асосий эътибор ташкилот атрофи, ҳовлисини тартибга келтириб, мавжуд дарахт кўчатларини ҳисоб-китоб қилиб яна қандай дарахт кўчатлари экишни аниқлаб олиши ва экишни ташкил этади.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда. Бугун туманимизда 26 мингдан ошиқ нуронийлар истиқомат қилишмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, нуроний отахон ва онахонларимиз аҳолига ўрнак кўрсатиб, "Бир нуроний 10 хонадон!" лойиҳаси асосида 10 тупдан мевали дарахт кўчатлари аҳоли хонадонларига экиш ташаббуси билан чиқмоқда. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳимдир.
Дарахтлар, албатта, иқлимни бошқаришда муҳим роль ўйнайди. Демак, туманимизда ҳам мазкур савобли ва хайрли ишларни амалга ошириш, фақатгина кўчат экиш эмас, балки уларнинг кейинчалик тутиб кетиши учун парваришлаш зарур. Ўзбекистонни яшил ҳудудга алантириш қоғоздагина қолиб кетмасин. Ҳар бир дарахт сизнинг, бизнинг, фарзандларимизнинг соғлиғи, ҳаётини ва келажагини асраб қолиши мумкинлигини унутмайлик!
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни ҳам юртимиз бўйлаб давом этаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этишга чақираман.
Зеро, ҳар бир экилган дарахт ҳавони чангдан тозалаши, кислород ишлаб чиқариши билан бирга ҳозир бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришларига ижобий таъсир этиб, келажак авлодга яшил макон улашади!
Келинг, азиз чироқчиликлар! Хонадонимиз, кўчамиз, фаолият юритаётган корхонамизда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш орқали туманимизни яшиллика буркаб, гулзорга айлантирайлик!
Эътиборларингиз учун раҳмат!