Бугун Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев туман марказидаги 15-сонли Мактабгача таълим ташкилотида болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишди.
Айни тушлик вақтида боғчага борган туман раҳбари, мактабгача таълим ташкилоти ошхонасида болажонлар учун тайёрланаётган таомномани кўздан кечириб, болажонлар учун тушликка тортилаётган таомларга ишлатилган масаллиқлар ҳамда ҳар бир бола учун белгиланган меъёрий маҳсулотларнинг ишлатилмаганлигига гувоҳ бўлди.
Бугун мактабгача таълими ташкилотида 360 нафар тарбияланувчилар таълим ва тарбия олишмоқда. Бугун болажонлар учун тушлик таомномасида палов ва шўрва тайёрланиши белгиланган эди.
Туман ҳокими боғча ошохонасида ошпазлар томонидан пиширилган ва тақсимланаётган таомга белгиланган меъёрда етарлича маҳсулотлар ишлатилмаганлигининг устидан чиқди. Хусусан, бугун боғчага келган 322 нафар тарбияланувчилар учун Вазирлар Маҳакамасининг 626-сонли қарорига кўра, тайёрланган палов таоми учун 12 килограм гуруч, 12 килограм сабзи, 2.600 килограм ёғ, 12 килограм гўшт, 6 килограм пиёз, 1.600 килограм нўхат маҳсулотлари ишлатиши белгиланган бўлса, 15-сонли мактабгача таълим ташкилоти ошхонасида тайёрланган таомда эса бор-йўғи 6 килограм гўшт маҳсулоти ишлатилган.
Бугун боғча тарбияланувчиларининг тушлик таомномасида ишлатилган 12 килограм гўшт маҳсулотларининг 8 килограмини суякли қисми ташкил этса, қолган 4 килограмини лаҳим гўшт ташкил этади. Рақамларни таҳлил қилганда 322 нафар боғча тарбияланувчиларининг ҳар бирига ўртача 12 грамдан ошиқроқ гўшт маҳсулоти тўғри келмоқда. Таомнома калориясига эса ўзингиз баҳо беринг!
Таомномада жой олган шўрва таомига 12 килограм гўшт ва 6.400 килограм сабзи, 9.660 килограм карам, 19 килограм картошка, 6 килограм пиёз, 640 грам ўсимлик ёғи, 240 грам томат пастаси солиниши ва ҳар бир болага 150 грам шўрва берилиши белгиланган бўлса, боғча ошхонасида эса шўрвага атига 6 килограм гўшт маҳсулоти ишлатилган. Бундан ташқари тарбияланувчиларнинг тушлик таомномасида помидор ва бодринг салати, кампот ва нон маҳсулотлари тортилган.
Болалар ҳаққини қўрқмасдан "ҳазим" қилаётган боғча масъулларининг қинғирликлари ошкор бўлгач, улар ўзларини туман раҳбари олдида "оқлашга" ҳаракат қилиб, ҳар хил важларни келтиришди. Шунингдек, туман ҳокими Нодир Эркаев томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, боғча мутасадди раҳбарларининг асл қиёфалари намоён бўлди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Давлат мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорда белгиланган меъёрлар 15-сонли Мактабгача таълим ташкилоти мутасадди раҳбарлари учун бегона.
Ўтказилган назорат тадбири давомида мактабгача таълим ташкилоти ҳовлисини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳам етарли даражада эътибор берилмаганлиги ҳам танқид қилинди. Шунингдек, боғчага 12 нафар болажонлар йўлланмаларсиз қабул қилинганлиги ҳам туман раҳбари эътиборидан четда қолмади. Туман ҳокими Нодир Эркаев томонидан ўтказилган танқидий-таҳлилий руҳдаги ўрганиш натижаларига кўра, 15-сонли Мактабгача таълим ташкилоти масъул раҳбарлари эгаллаб турган лавозимига нолойиқ эканлиги ўз исботини топди. Туман ҳокими томонидан олиб борилаётган ўрганиш ишлари давом этади. Кейинги манзил балки, Сиз раҳбарлик қилаётган ташкилот ёки муассаса бўлиши мумкин.
Мактабгача таълим тизимини замонавий талабларга асосланган ҳолда ташкил этиш, болаларни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш устивор вазифа ҳисобланади. Унинг вазифалари қаторида таълим-тарбия жараёнига самарали таълим ва тарбия шакллари ҳамда усулларини жорий этиш ҳамда таълим-тарбия жараёнининг ҳажмига, мазмунига ва сифатига доир мажбурий минумум талабларни жорий этиш ва назоратини ташкил этиш ҳам бор.