Туманимиздаги 5-сонли мактабгача таълим муассасасига киришингиз билан сизни жўшқин кайфиятдаги болажонлар қарши олади. Уларнинг аксарияти эртак қаҳрамонлари образида: айиқча, қуёнча, ниначи, чумоли, "Қизил қалпоқча"... Бугун муассасада ўтказилган "Хайр боғча, салом мактаб!" маънавий-маърифий тадбирига туман ҳокими масалаҳатчиси Рисолат Номозова, ота-оналар, маҳалла фаоллари, педагоглар таклиф қилинди.
Тадбирда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш борасидаги ишлар болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилашга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ҳозирда мазкур таълим муассасасида 125 нафар ўғил-қиз тарбияланмоқда. Муассасада рус, инглиз тиллари, рақс, шахмат-шашка, гимнастика тўгараклари болажонлар вақтини янада мазмунли ўтишини таъминлаётир. Жорий йилда муассасани 45 нафар ўғил-қиз тамомлаб, умумтаълим мактабларининг биринчи синфига қабул қилинади.
– Ўғлим Шоҳжаҳон шу даргоҳда тарбияланади, – дейди Мафтуна Маҳмудова – Мактабга тайёрлов гуруҳида олган сабоқлари Шоҳжаҳоннинг мактабга осон мослашишига, дарсларни ўзлаштиришига ёрдам беради, деб ўйлайман.
“Хайр боғча, салом мактаб!” тадбирида турли викторина ўйинлари, спорт мусобақалари ўтказилиб, ғолиблар рағбатлантирилди. Болалар ижросида Ватанни мадҳ этувчи шеър-қўшиқлар, мақол ва ҳикматли сўзлар, турли саҳна кўринишлари барчага қувонч улашди.
5-сонли МТМ тарбиячиси.