Бугунги кунда аср муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш нафақат маҳаллий, балки халқаро даражадаги инсон ҳуқуқ ва эркинларини таъминлашдаги асосий масалалардан биридир. Ачинарлиси, ушбу иллатни олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилишига қарамай, миллионлаб инсонлар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Мазкур жиноятнинг ривожланишига сабаб бўлаётган омиллардан бири фуқароларнинг хорижга бориш ва меҳнат қилишнинг тартиб-қоидалари хусусида етарлича маълумотларга эга бўлмаслиги ҳамда фирибгарлар тузоғига илиниб қолишидадир.
Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳам одам савдосини олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида улкан ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон 2003 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1950 йилда қабул қилинган “Одам савдоси ва фоҳишаликнинг учинчи шахслар томонидан ишлатилишига қарши кураш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди ҳамда 2008 йилнинг 17 апрелида “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонунга кўра, одам савдоси — куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишни англатади.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди.
Миллий комиссиянинг соҳадаги асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;
одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.
Айтиш лозимки, бугунги кунга келиб одам савдосининг авж олишига, яъни инсонни қандайдир бир буюм сифатида, таъбир жоиз бўлса инсонни олди-сотдининг объекти сифатида фойдаланилиши, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол этилишига нималар сабаб бўлмоқда?
— одам савдоси каби ноқонуний фаолият тури бир ёки бир неча аъзолардан иборат гуруҳларнинг сердаромад манбасига айланиб бораётгани, яъни уларнинг ҳеч қандай оғир ва машаққатли меҳнатларсиз мўмай даромад олишга уринаётганлиги;
— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг соддалиги, ўзининг, яқинларининг тақдирига ва келажагига бефарқлиги, лоқайдлигида. Яъни энг олий неъмат ҳисобланмиш эркин ҳаёт тушунчасига нисбатан енгил ва бепарволик билан қарашлари оқибатида ушбу одам савдосини амалга оширувчи жиноятчиларнинг ўлжасига, аниқроғи уларнинг осон даромад манбаига айланиб қолмоқдалар;
— одам савдосини амалга оширувчи жиноятчи шахслар ўзларининг танишлари, яқин қариндошларига нисбатан, яъни уларнинг ишончига кириб олиб, уларнинг одам савдосини қурбонига айланиб қолишига сабабчи бўлаётганлигида;
— одам савдосининг қурбонига айланаётган шахсларнинг ор-номус қилиб, кўрган хўрликлари, уларга нисбатан ишлатилган турли хилдаги жисмоний ёки рухий тазйиқлар ҳақида ёҳуд ўзининг ноқонуний равишда чегарани бузиб чиқиб, чет давлатда ҳеч қандай давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний меҳнат фаолиятини амалга оширганлигидан қўрқиб булар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмаслиги.
Одам савдоси фақатгина Ўзбекистон Республикасининг муаммоси сифатида қарашимиз нотўғри бўлади, чунки ҳозирги кунда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар кўплаб мамлакатларда кенг тарқалиб бутун дунё ҳамжамиятини ҳавотирга солмоқда. Энг ачинарлиси, одам савдоси боғлиқ жиноятчиликнинг кенг қулоч ёзишига: аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож қатламлари - ишсиз юрган фукаролар, турмуш ҳаётида кўп қийинчиликка учраган аёллар ва ота – онасининг эътибори ва қарамоғидан четда қолган вояга етмаган шахсларнинг гўёки уларнинг муоммоларини ҳал қилган каби кўриниб, ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланаётганлиги.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Чироқчи тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш булинмаси ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикасидан “Узоқ муддатга” ишлаш мақсадида кетаётган 18144 нафар фуқаролар билан суҳбатлар ўтказилиб, хорижда ишлашнинг ҳуқуқий асослари, одам савдоси жиноятларининг замонавий кўринишлари, бундай ҳаракатларни амалга оширишда ҳуқуқбузарлар томонидан қўлланилаётган усул ва воситалар тўғрисида тушунтиришлар берилиб, одам савдоси жиноятининг салбий оқибатлари акс эттирилган буклетлар тарқатилган.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, одам савдосига қарши кураш борасида аҳолининг турли қатламлари, айниқса, аёллар ва вояга етмаган шахсларга одам савдоси каби иллатнинг фаровон турмуш-ҳаётимизга соладиган хавфи ва салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, яъни, аҳолининг гавжум жойларида, маҳаллаларда, турли хил таълим муассасаларида, давлат идоралари, корхона, муассаса, ташкилотларда тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш, кенг тушунтириш ишларини амалга ошириш, уларда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш асосий вазифалардан биридир.
✍️Радик Хамраев,
Чироқчи тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси инспектори.