Чироқчи тумани ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида тумандаги ёшлар етакчилари учун семинар-тренинг ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган семинарда Чироқчи тумани ҳокими Нодир Эркаев, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Темур Поёнов, туман ҳокими ўринбосари Эркабой Баймуродовлар томонидан ёшлар етакчилари учун маҳорат дарслари олиб борилди.
– Ватани, миллатига чексиз садоқатли, ўз миллати қадриятлари, анъаналари, урф-одатларини асраб-авайлайдиган, ўзининг юксак маънавий-ахлоқий, ғоявий-мафкуравий сифатларини шакллантириб, такомиллаштириб борадиган шахсларни тарбиялаш муҳим масала, - дейди туман ҳокими Нодир Эркаев. – Ёшлар етакчиларига маънавий-маърифий фаолиятни ташкил этиш борасида бажарилиши лозим бўлган вазифалар, яъни юртимиз ривожи учун ташаббускорликни кучайтириш, жамиятда ижодий муҳитни яратиш, ҳар бир ходимда теварак-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини уйғотишда йўл кўрсатиш асосий вазифамиздир.
Тадбирда сўз олганлар иқтидорли ёшларнинг мантиқий билимини ошириш, уларни саралаш ва интеллектуал ўйинларга кенг жалб қилиш, интеллектуал ўйинлар ташкил қилинишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратиш лозимлиги хусусида ҳам ўз фикрларини билдирди.
Семинар давомида ташкилотчилар томонидан ёшлар етакчиларига керакли тарғибот ва ташвиқот материаллари топширилди. Ёшлар етакчиларига маънавий-маърифий фаолиятни ташкил этиш борасидаги бу каби семинар-тренинглар доимий равишда ўтказилиши белгиланган.