Жамоатчилик назоратини олиб бориш — халқ ҳаётидаги муаммоларнинг ечимини топиш ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйишнинг оқилона воситасидир. Шу боис «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддаси ҳамда 2018 йил 12 апрелдаги «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига биноан, фуқаролар йиғини ҳар чоракда камида бир марта раиснинг, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг, асосий йўналишлар бўйича комиссиялар ҳамда «Маҳалла посбони» жамоатчилик тузилмаси ҳисоботларини эшитиши белгиланган.
Туманнинг Истиқлол маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эшқул Шодмонов фуқароларга ҳисоб берди. Ҳисобот йиғилишида турли йўналишлардаги ишлар ва фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ҳақида сўз юритилади. Уларни бартараф этиш бўйича кейинги режа ва аниқ мақсадлар белгилаб олинади.Хусусан, маҳалла профилактика инспектори, лейтенант Бобур Диёров ҳисобот берди.
— Профилактика инспектори маҳалла посбони билан ҳамкорликда ҳудуднинг тинчлигини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида жонбозлик кўрсатиб келади, — дейди йиғин масъул котиби Жахонгир Девонаев. — Ҳисоботда таъкидланганидек, у ўтган йил мобайнида 26 дан ортиқ «Гиёҳвандлик — аср вабоси», диний экстремизм билан курашиш каби мавзуларда маҳалла ёшлари иштирокида тадбир ва очиқ мулоқотлар ўтказди. Шунингдек, ҳудуддаги 2 нафар нотинч оилалар билан уйма-уй кириб алоҳида суҳбатлашди. Маҳалладаги 5 нафар тарбияси оғир ёшнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашди.Йиғилишда профилактика инспекторининг келгусида амалга ошириши керак бўлган вазифалари белгилаб олинди.
Йиғинлар томонидан жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши, давлат идоралари вакиллари ҳисоботларининг тингланиши инсон манфаатлари ҳимоясига, қонун устуворлигига замин яратади.