Тўғри, давлат ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймайди. Олий Мажлис Сенати раиси ҳам худди шу масалага тўхталиб, карантин даврида боқувчисиз инсонлар ва қарияларга моддий ёрдам берилиши кераклигини айтди. Аммо биз ҳам қараб турмаслигимиз керак. Имкони бор ҳамюртлар топган-тутганимизни шароити оғир кишилар билан баҳам кўрсак кам бўлмаймиз.Савобталаб тумандошларимизнинг хайирли ишларини кўриб бошқа саховатпеша инсонлар ҳам шундай йўл тутишига умид қиламиз.«Ўзбекистонда коронавирус пандемияси сабаб карантин эълон қилингач, ҳудудларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархида сунъий ўсиш кузатилди. Тиббиёт ниқоблари ва антисептик воситалар тақчиллиги юзага келди. Шундай кунларда тумандошларимизга оз бўлса-да кўмак бериш мақсадида хайрия акциясини бошладик. Акция давомида туманимизда яшовчи 210 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари: бир қопдан ун ва 5 килограммдан ёғ ҳамда тиббий ниқоблар бепул тарқатилди. Акциянинг иккинчи босқичида яна шунча оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва шахсий гигиена воситаларини етказиб берамиз», — дейди “Олим ўғли Жасур” хусусий корхонаси раҳбари Холиёр Утаев. "Аввало, ўнг қўлинг билан қилган савоб ишни чап қўлинг сезмай қолсин" дейишган. Ҳозир халқимиз учун синовли кунлар давом этмоқда. Албатта, тез орада бу синовни енгиб ўтиш насиб қилсин. Шундай паллада бир четда томошабин бўлиб туриш ярашмайди. Бугунги кунда барчадан уйда қолиш, ўзи ва яқинларининг саломатлиги учун ҳам кўчага, одам гавжум жойларга чиқмаслик сўраляпти. Ҳар ким қўлидан келгунича, бир-бирларига ёрдам бериши керак, шарт деб ҳисоблайман. Ҳеч бўлмаганда, бир оғиз ширин сўз ҳам бундай пайтда одамга малҳам бўлади.
Чироқчи туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Собит Райимқулов.