Туманнинг Мустақиллик маҳалласида яшовчи А.Холиёровнинг жазони ижро этиш муассасасидан қайтганига бир неча ойдан ортиқ вақт бўлди. Унинг нигоҳларидаги чексиз изтироб, қалбидаги оғриқли мунглар сўзларида, юзларида акс этади. Унинг дарди, ташвиши бир дунё, бироқ айтишга ийманади. Маълум сабабларга кўра жазони ижро этиш муассасасида бўлган оила боқувчиси уйга–оиласи, фарзандлари, яқинлари бағрига қайтди.
У панжара ортида ўтказган йиллари давомида бор мол-мулки, рўзғор камини тўлдириб турган буюмлари аллақачон ишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган, дардини кимга айтишни билмай юрган оилабошининг жонига туман ҳокимлиги мутасаддилари оро кирди. Унинг мурожаатини тинглаган туман ҳокими Хуррам Жураев фуқарога ёрдам беришга астойдил ҳаракат қилди.
Oзодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини ташкил этиш ва таъминлаш, тегишли тартибда кийим-кечак, озиқ-овқат ва турар жой учун бир марталик тўланадиган нафақа пули бериш қонунларимизда белгилаб қўйилган. Ўрнатилган тартиб қоидалар ва албатта инсонпарварлик тамойилларига биноан А.Холиёровга туман ҳокими Х.Жураев томонидан тикув машинаси совға қилинди. Совғани туман ҳокими биринчи ўринбосари Эркин Бобоқулов А.Холиёровга топширди.
А.Холиёровнинг қўлида гулдек ҳунари бор. У моҳир тикувчи, сўнги русумдаги замонавий тикув машинасида махсус иш кийимлар, пахта мавсумида эса этак ва фартуклар тикиб даромад кўради. Эни, у оиласи бағрида иш билан банд бўлади.
– Бундай шахслар одатда озодликка чиққанларидан сўнг ўзларини жамиятдан ажралиб қолаётгандек ҳис қиладилар. Мазкур тоифадаги фуқароларни жамиятнинг фаол қатламига айлантириш, уларни тадбиркорликнинг турли йўналишларида фаолият бошлашларига кўмаклашиш, бандлигини таъминлашда ҳам натижага эришишимизда муҳим қадамдир, – дейди Э.Бобоқулов.