Бугун Кўкдаланинг бепаён кенгикларида тарвуз экиш авж паллага кирган. Миришкор деҳқонлар ҳар бир кундан унумли фойдаланишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Худайбергенов Турсинхан Айдарович кўкдалалик ёш деҳқонлар билан учрашди.
Туманнинг Кўкдала ҳудудида оқар сув кам. Ястаниб ётган бепоён кенгликлар, унумдор тупроқ эса ўзи улкан хазина. Ҳозирги кунда кўкдалаликлар ана шу ерлардан унумли фойдаланиб, эрта пишувчи тарвуз етиштиришмоқда. Тилими тилни ёрадиган бу полиз маҳсулотининг таъми, мазаси, кўриниши ва сифати жуда юқорилиги билан ажралиб туради. 100-120 метр чуқурликдан сув чиқариб, экин-тикин қилишнинг ўзи бўлмайди. Кўкдалаликлар эса буни уддалашмоқда. Етиштирилаётган тарвуз экологик тоза, соғлиқ учун жуда фойдали. Чунки бу ерда умуман минерал ўғит ишлатилмайди. Шу жиҳатдан айтиш жоизки, Кўкдаланинг тупроғи, иқлими ва суви тарвуз етиштириш учун жуда қулай. Бундан ташқари, шу ерда тер тўкиб ишлаётган соҳибкорлар меҳнатининг самараси ҳам бу.Кўкдалада омилкор деҳқонлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Айниқса, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси полизчи деҳқон ёшлар сафини кенгайтириши баробарида туман ёшларининг иш билан бандлигини таъминлашда янги даврни бошлаб берди. Шу боис, бу ҳудуд полиз, мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштиришда вилоятдагина эмас, мамлакатимизда ҳам муносиб ўринга эга. Айниқса, бу ерларда плёнка остида эртаги тарвуз етиштириш борасида ўзига хос тажриба мавжуд.