Чироқчи туманида 2023 йил ҳосили учун 3 856 гектар ер майдонига чигит экиш режалаштирилди.
Чироқчилик кўпни кўрган, тажрибали миришкорлар деҳқончиликнинг ўзига хос мактабини яратган. Вилоятнинг, қолаверса туманнинг барча пахта етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларида чигит экиш мавсуми уюшқоқлик билан ўтказилаётган айни дамларда Соҳибкор ҳудудидаги фермер хўжаликларида чигит униб чиқди.
Айни кунларда, туманнинг Соҳибкор ҳудудидаги "Аббос Анвар ўғли" ва "Жўралов Садин Жўралович" фермер хўжалиги далаларида ернинг обо - тобида экилган чигит бўй кўрсатди. Эндиликда мазкур ҳудуддаги фермерлар чигитни биринчи культивация қилиш мақсадида белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказишга ҳозирлик кўришмоқда.
2023 йил ҳосили учун туманда 3 856 гектар ер майдонига пахтанинг иқлим ҳудудига мос, серҳосил ва эртапишар “Бухоро-6 R1” навлари экилмоқда. Чигит экиш мавсумини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан туман ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари ҳамда “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан доимий мониторинг-таҳлил тадбирлари олиб борилмоқда.
Ўтказилаётган таҳлилларга эътибор қаратилса, мавжуд 342 та фермер хўжаликлари ва “Чироқчи кластер” МЧЖ томонидан бир кунда ўртача 450-500 гектар ерга барака уруғи қадалмоқда. Мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан 30 та чигит экиш селялкаларидан унумли фойдаланилмоқда. Айниқса, 2023 йил ҳосилига замин ҳозирланаётган айни кунларда 10 та пневматик сеялкалар билан чигитнинг сифатли экилиши таъминланмоқда.