Дунёдан ўтганларни ёд этиш, уларнинг хотирасига ҳурмат кўрсатиш, номларини абадийлаштириш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Шу боис ҳар биримиз аждодларимиз, яқинларимиз мангу қўним топган масканларни зиёрат қилиб турамиз. Бу билан инсонийлик бурчимизни адо этиш баробарида руҳий енгиллик ҳис этамиз.
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Чироқчи туманидаги 83 та қабристонлар ободонлаштирилиб, "кузги кўчат экиш мавсуми" давомида 16 600 туп дарахт ниҳоллари экилиши режалаштирилган. Мавсум бошидан бугунги кунгача 12 270 туп манзарали дарахт ниҳоллари қабристонлар ҳудудларига экилиб, ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳаллий аҳоли ва нуронийлар ташаббуси билан Мирзатуп маҳалласида "Яшил макон" лойиҳаси доирасида катта ҳашар ташкил этилди. Ҳашар давомида маҳалладаги "Худойберди ота" қабристони ободонлаштирилиб, у ерга 1 500 туп манзарали дарахт ниҳоллари ерга қадалди. Энг муҳими, ёзнинг жазирамасида парваришлаш ва ёш ниҳолларни сувлаш мақсадида тик артизан қудуғини қазиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Ҳашарда туман ҳокими Файзулла Юсупов ҳам иштирок этди.
Олиб борилаётган ушбу амалий ишларга Ободонлаштириш бошқармаси ишчи ходимлари қаторида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишмоқда. Зеро, аждодлар хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас масканларни обод этиш, азалий қадриятларимиздан биридир.
Ҳасан Раҳматов,
Туман ҳокимининг Нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.