Ҳамжиҳатликда — гап кўп...! Халқ бирлашиб, хайрли ишга бош қўшмоқда. Чироқчи туманида азалдан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ажойиб анъана бор. Ҳашар...! Бу сўз замирида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бир мақсад атрофида бирлашишдек, эзгу ғоя мужассам. Ҳар йили туман фуқаролар ташаббуси билан маҳалла ва қишлоқларида катта ҳашарлар ташкил этилади. Ҳашар ортидан тупроқ йўллар тош-шағал йўлга айлантирилса, тош қопламали йўллар асфальтлаштирилади. Қабристонлар ободонлаштирилиб, кўкаламзорлаштирилади. Сув чиқариб, хонадонларга оби-ҳаёт кириб боради. Кўприклар бунёд этилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга янгидан уй-жой қуриб берилади. Беморларнинг даволаниши учун маблағ ажратилади. Буларнинг ҳаммаси халқнинг ҳамжиҳатлиги ортидан.
2024 йилнинг ўтган даври давомида ташкил этилган ҳашарлар натижасида Уйшун ва Зарбдор маҳалласида 3 кмдан ошиқ йўл бетон қопламали йўлга айлантирилган бўлса, Чамбил маҳалласида 2 км йўл асфальтлаштирилди, Галабек, Обод, Амир Темур маҳаллаларида пиёдалар йўлаги қуриш ишлари олиб борилди ва эзгу ишлар давом этмоқда. Жар, Дўстлик диёри ва Қаҳрамон маҳаллаларида аҳоли ташаббуси билан дарё узани устига автомобиль ва пиёдалар ҳаракат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган кўприклар қуриб фойдаланишга топширилди. Жар, Қизилчовра, Чоршанби ва Галабек маҳаллаларида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга янгидан уй-жой қуриб берилди... Халқимизда “Ҳашар элга ярашар” деган нақл бор. Қадимдан ота-боболаримиз маҳалла, гузар, кўча-куйни биргалашиб тозалашни гўзал анъанага айлантиришган. Бу удум бугунги кунда ҳам бардавом.
Video matni
Video matni