Чироқчи тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, 4-сектор раҳбари, Бахтиёр Усмонов 4-сектор ҳудудидаги "Мирзатуп" маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича фаолиятини бошлаган ҳоким ёрдамчиси Анвар Худойбердиев ва маҳалла раиси Бегали Тоғаевлар билан биргаликда маҳалланинг лидер тадбиркорлари ҳамда бизнес бошлаш истагида бўлган фуқаролар билан учрашди.
Масъуллар маҳалла бўйлаб пиёда аҳоли хонадонларига кириб, улар билан бирма-бир суҳбатлашишди. Олиб борилган ўрганишлар давомида маҳаллада фаолият олиб бораётган 8 та тадбиркор яна фаолиятини кенгайтириш истагини билдирган бўлса, 4 та янгидан ташкил этилган оилавий корхоналар раҳбарлари кредит олишда амалий ёрдам сўради.
Шунингдек, маҳалланинг лидер тадбиркорларидан бири Ғулом Рузиев маҳаллада чорвачилик ва паррандачилик тармоғини ривожлантириш орқали аҳолига наслли чорва ва паррандалар ҳамда уларни озуқаларини етказиб бериш шунинг баробарида қайта ўзи сотиб олишни масъуллар билан бўлган суҳбати давомида маълум қилди. Бундан ташқари Ғулом Рузиев ўн минг бош парранда тухумини очиришга ихтисослашган инкубатор фаолиятини маҳаллада йўлга қўйиш нияти борлигини ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлигини ҳам таъкидлади.
Мамлакатимизда янги жорий этилаётган тизим тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”,“Ёшлар дафтари” билан ишлашда янги даврни бошлаб берди десак, адашмаган бўламиз.