Фарзанд! У ота-она орзу умидлари чечаги, оила дея аталгувчи меҳр-муҳаббат, ўзаро ишонч ва ҳурмат, оқибатдан бўй тиклаган оила қўрғонининг чироғбони. Ота-она орзу-умидларини рўёбга чиқарувчи, ҳаёт бардавомлигини таъминловчи халқа.
Халқимиз оилани, мустаҳкамловчи фарзандларни юксак қадрлаб келган. Ҳа, фарзанд билан баробар ота-она орзулари ҳам улғаяди, ҳаётининг фарзанди билан кечган дамлари энг сурурли онлари ҳисобланади. Кун сайин улғаяётган боланинг ҳар бир ҳаракати, қилиғи қалбини қувончга тўлдиради. Шу боласини меҳри оғушида асраб-авайлаб ўстиради, камолини кўргиси келади. Дунёда бизнинг халқимизчалик борини боласига атайдиган меҳрчан халқ йўқдир-ов.
Халқимизнинг хоҳиш-иродаси мамлакатимиз олиб бораётган сиёсатда ҳам ўз аксини топган. Айниқса истиқлол йилларида ёш авлоднинг баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун амалга оширилаётган чора-тадбирларга бугун бутун дунё ҳавас билан қарамоқда. Бизнинг мамлакатимизчалик ҳеч бир мамлакат бепул 12 йиллик узлуксиз таълимни зиммасига олган эмас, бизнинг мамлакатимиздагидек фарзандлар тарбиясига, уларнинг етук инсонлар бўлиб вояга етишларига ғамхўрлик қилиниб, маблағлар ажратилаётгани йўқ, таълимнинг узвий қисми бўлган спортнинг оммалашувига биздагидек эътибор берилаётгани йўқ.
Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо, бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзандининг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади. Туманимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, тиббий маданиятини ошириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Афсуски, бу саъй-ҳаракатларга қарамасдан, репродуктив саломатлик талабларига зид равишда қизларни барвақт турмушга узатиш ҳоллари кузатилмоқда.
Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди, албатта. Лекин, қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Мана шундай ота-оналарга тушунтириш мақсадида қишлоқ ва маҳаллаларда мутахассислар иштирокида аҳоли вакиллари билан мунтазам давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Ушбу тадбирларда қиз болани барвақт турмушга бериш ва эрта фарзанд кўриш, қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурлиги борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Кези келганда, фаолиятимиз билан боғлиқ айрим ҳаётий воқеалар тўғрисида фикрлашсак. Бир мисол. Туманимиз маҳаллаларининг бирида вояга етмаган М. ака ва Ш.опанинг қизлари Т.га келган совчиларга розилик беришар экан, куёв томоннинг ёшларнинг тўй кунини белгилаш ҳақидаги таклифини ҳам рад этишаолмади. Айрим сабабларга кўра, тўй куни бекор қилинди. Икки ёш ҳали у ҳали бу пана-пастқамда учрашиб юришди. Икки ёшнинг ҳуфёна учрашувлари ўз мевасини берди. Ҳали келин бўлиб, куёв уйи остонасидан оқ кўйлак кийиб кирмаган “келин” вужудида иккинчи митти юрак ўра бошлаганди. Бундан хабар топган оилабошилар ёшларни тезда тўй қилиш кераклиги ҳақида бош қотириша бошлашди. Карантин талабларига биноан икки ёшнинг висол оқшоми ҳам ихчамгина қилиб ўтказиб юборилди.
Эртаси куни эса келин-куёв никоҳни қайд этишни сўраб, ФХДЁ бўлимига мурожаат этишди. Бўлим мудираси уларнинг аризасини қабул қилгач, тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берди. Лекин, тўй аллақачон бўлиб ўтган. Бироқ...
Энди ҳақли савол туғилади, юз берган кўнгилсизликда келин томоннинг ўзи хам айбдор эмасми? Негаки, ота-она қизларини тиббий кўрик ва қонуний никоҳсиз узатиб юборишди. Аксинча бўлганда, бугунги аҳволга тушиб ўтиришмас эди. Албатта, бу воқеа тўй арафасида турган барча ота-оналарга сабоқ бўлса ажаб эмас.
Ж.Миров,
туман прокурори ёрдамчиси.