Аҳолининг электр энергиясига талаби ошиб бораётган айни карантин кунларида энергетика соҳаси ходимлари имкон қадар истеъмолчиларга сифатли ва узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида барча имкониятларни сафарбар қилмоқдалар.Чироқчи туман электр тармоқлари корхонаси томонидан туман марказидан анча олис 1-сектор ҳудудидаги “Умакай” маҳалласининг Сарсон ва Қучқорбулоқ қишлоқларида 4 та янги трансформатор ўрнатилиб, ишга туширилгани бунга мисол бўлиши мумкин.
Катта қувватли трансформаторнинг ўрнатилиши натижасида ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг ҳамда тадбиркорлик субъектининг электр энергияси таъминоти ишончлилиги ошди ҳамда маҳаллада янгидан ташкил қилиниши режалаштирилган ишлаб чиқариш корхоналари учун электр энергия қувват захираси яратилди.
Таъкидлаш жоизки, янги трансформаторни алмаштириш жараёнида жамият ички ресурсларидан фойдаланилди. Олдинлари бундай ишлар шартнома асосида бажарилган бўлса, корхона мутасаддиларининг ташаббуси билан ходимлар касб малакаси оширилиб, эндиликда бундай жараёнлар тўлалигича хўжалик усулида жамият ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.