Аллоҳга беадад шукрки, юртимиздаги икки мингдан зиёд масжидларимиз кундан-кунга обод бўлмоқда. Кўп масжидлар замонавий шаклда таъмирланиб, чиройли ва қулай ҳолатга келтирилмоқда. Халқимиз бундай жоме масжидларда ибодатларини хотиржам адо этаётганларидан мамнунлар.
Бу каби хайрли ишлар диний қадриятларимизга бўлган улкан эътиборнинг натижасидир. Масжидларни обод этиш ҳамда уларни таъмирлаш улуғ савобли амаллардир.
Дарҳақиқат, ўтган йилларда туманимиздаги "Ҳазрати Умар", "Файзулло Ҳожи", "Хўжа Саид", "Кўктош ота" жоме масжидлари қайтадан барпо этилган бўлса, "Абу Бурхониддин" жоме масжидида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Мана шундай бунёдкорлик ишларининг узвий давоми сифатида, туманимизнинг "Кўктош" маҳалласида "Ҳазрати Усмон" жоме масжидининг янги биносини шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ қурилиш ишлари бошланди.
Янгидан қурилаётган жоме масжиди қурилиш ишлари олдидан жонлиқ сўйилиб, Хатми Қуръон ўқилди. Жоме масжид пойдеворига биринчи тамал тошини туман ҳокими Нодир Эркаев яхши тилак ва хайрли дуолар билан қўйиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан бунёд этилаётган ушбу масжид учун тайёрланган лойиҳага кўра, ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган. Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.
Бекзод Нарқулов,
Чироқчи тумани бош имом-ҳатиби.