Чироқчи тумани 1-сектор Бешчашма ҳудуди "Қўшаҳор" маҳалласида фаолият олиб бораётган фермер пахта сотиш шартномавий режасини туманда биринчи бўлиб бажарди.
Тоҳир Қулбулов раҳбарлигидаги "Тоҳир Мийлиевич" фермер хўжалигининг 5 гектар ер майдонида ғўзанинг "Бухоро-6" нави барча агротехник тадбирларга риоя қилинган ҳолда парваришланди ва биринчи теримнинг иккинчи кунида туманда биринчилардан бўлиб, фермер хўжалиги пахта сотиш шартномавий режасини бажарди.
Бугун Тоҳир Қулбулов ва хўжалик ишчилари "Ҳосил тўйини" тантана қилишмоқда. Биринчи теримнинг иккинчи кунида фермер гектарига 39 центнердан ҳосил олиб, пахта сотиш шартномавий режасидан бир қадам ўзди.
Фермер Тоҳир Қулбулов фермер хўжалиги пахта майдонидан териб олинган ҳар бир килограмм пахтани ҳисоблаб юрган ва тарози бошида теримчи Маъриф Хушиева томонидан терилган 60 килограмм пахтанинг навбатдаги 15 килосини тарозига илиб, режа 101 фоизга бажарилганидан бошидаги қалпоғини осмонга отган. Шу билан фермер хўжалиги пахта даласи бошида ҳосил тўйи чақириғини эълон қилинган. Биринчи теримнинг иккинчи кунида фермернинг "қалпоғи осмонга учди" Тоҳир Қулбуловинг мақсади эса ўртача ҳосилдорликни 44-46 центнерга ошириш. Пахта даласида ҳали ҳосил мўл.
Бугун туман ҳокими Нодир Эркаев пахта қабул қилиш масканида туманда биринчи бўлиб пахта сотиш шартномавий режасини бажарган фермер Тоҳир Қулбуловга туман ҳокимлиги ва кластер совғаларни топширди.
Туманда жорий йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари уюшқоқлик билан жадал суръатларда ўтказилмоқда. Бунда нафақат фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари ишчи-хизматчилари, ихтиёрий равишда қўшимча даромад топиш истагида бўлган маҳаллий аҳоли ва ҳашарчилар ҳам фаол иштирок этмоқда. Далаларда қийғос очилган пахта кўзни қамаштиради.