Чироқчи туманида деҳқон хўжалиги ер майдонларини ижарага олиш бўйича очиқ электрон танлов ўтказиб келинмоқда. Танлов якунида эса ғолиб бўлган талабгорларга ер майдонлари топширилмоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда Чироқчи тумани "Қизилчовра" маҳалласида яшовчи 1995 йилда туғилган Мирзоакбар Буроновнинг видеомурожаати эълон қилинди. Аниқланишича, М. Буронов e-auksion онлайн платформаси орқали қишлоқ хўжалиги ер майдонини ижарага олиш мақсадида онлайин тарзда ариза топширган
Онлайн ариза топширгач М.Буроновга е-auksion платформасидан келган смс хабарида "Электрон танлов нвтижаларига кўра, Сиз 1482965 бўйича салоҳиятли ғолиб сифатида қайд этилдингиз" сўзлар келтирилган. Смс хабарини олган М.Буронов хабарни нотўғри тушунади. Сабаби смс хабарида "Салоҳиятли ғолиб сифатида қайд этилдингиз" деган сўзларни у нотўғри тушунади ва ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қолдиради.
Аслида e-auksion электрон платформаси орқали ариза топширган талабгорларнинг барчасига электрон платформадан смс хабарлари юборилади. Танловда ғолиб бўлган талабгорларга "Ғолиб бўлдингиз" деган хабар юборилса, танлов ғолибидан кейинги талабгорга эса "Салоҳиятли ғолиб бўлдингиз" деган хабар юборилади.
Ушбу масалани нотўғри тушунган М.Буронов билан учрашган туман ҳокими Х.Жураев, туман прокурори Б.Худойқулов туман ИИБ бошлиғи А.Бешимқуловлар ҳамда туман Қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғининг ердан самарали фойдаланиш масалалари бўйича ўринбосари Шароф Чориевлар унга е-auksion платформасида иштирок этиш ва ғолиб бўлиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунтиришлар беришди.