Юртимизда ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, Конституцияга оид билимларини мустаҳкамлаш, дунёқарашини юксалтириш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мактаб ўқувчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Чироқчи тумани ҳокимлиги, туман Адлия бўлими ва Халқ таълими бўлими ҳамкорлигида “Ҳуқуқ билимдонлари” беллашуви ўтказилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Нодир Эркаев таълим муассасаларида ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини чуқур ўрганишни ташкил этишга оид кўплаб тадбир ва танловлар ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини янада юксалтиришга имкон яратаётганини таъкидлади.
Беллашувнинг финал босқичида ўқувчилар 3та шарт бўйича ўзаро беллашишди. Беллашувларнинг холис ва ҳаққоний ўтишига туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси, туман Адлия бўлими бошлиғи ҳамда туман Халқ таълими бўлими вакиллари масъул қилиб белгиланди.
— Ёш авлодни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мустақил фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш муҳим аҳамият касб этади, — дейди туман Адлия бўлими бошлиғи Бобур Ахмедов. — “Ҳуқуқ билимдонлари” беллашувини кузатиб, ўқувчиларимизнинг ҳуқуқий билимлари йилдан-йилга ошиб бораётганига амин бўлдим.
Беллашув якунида фаол иштирок этган ўқувчиларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсталик совғалари топширилди. Совғаларни туман ҳокими Нодир Эркаев ва туман Адлия бўлими бошлиғи Бобур Ахмедовлар ўз эгаларига топширишди.
Рисолат Номозова,
Чироқчи тумани ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўбаси мудири.