Жорий йилнинг 8 апрел кунидан 9 апрелига ўтар кечаси Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани марказида об-ҳаво сабабли техник носозлик юзага келиб, туман вақтинча электр таъминотидан узилган. Вазиятдан келиб чиқиб ҳудудда Миллий гвардия Қўриқлаш бошқармаси ходимлари қўриқловдаги объектларнинг назоратини янада кучайтирган.
Миллий гвардия матбуот хизматининг хабар беришича, йўналиш бўйлаб ҳаракатланаётган тезкор гуруҳ ходимлари тонги соат 4:00 лар чамаси қўриқловда бўлган Чироқчи туман Мустақиллик кўчасида жойлашган “MEGAGOLD-TECH” МЧЖга қарашли канцтовар дўкони кириш эшигининг қулфи бузиш йўли билан очилганлигини аниқлаган. Ноқонуний равишда магазинга кириб ўғирлик қилган номаълум шахс дўкондан чиқиб кетмоқчи бўлиб турган вақтда, воқеа жойида ашёвий далиллар (2 100 000 сўм ва SАMSUNG A-10 русумли уяли телефон аппарати) билан қўлга олинган.
Айни вақтда ушланган шахс Чироқчи туман ички ишлар бўлимига ўрнатилган тартибда топширилган ва ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.